Ўзбекистонда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Илёс Жумаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда Ер юзида маълум бўлган деярли барча турдаги фойдали қазилмалар аниқланган. Улар: олтин, кумуш, платиноидлар, мис, уран, қўрғошин, молибден, вольфрам, нефть, табиий газ, марганец, литий, хром, никель, қалай, тантал, ниобий, кобальт, скандий, германий, рений.
Бугунги кунда мамлакатда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган. Конларнинг асосий қисми Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари хомашё базаси сифатида берилган.
Давлат балансида жами 2 537 та фойдали қазилма конлари ҳисобга олинган.
Улар қуйидаги конларидан иборат:
1 855 таси қурилиш материаллари;
296 таси углеводородлар;
128 таси тоғ-кон хомашёси;
92 таси қимматбаҳо металлар;
61 таси тоғ-кимё хомашёси;
41 таси радиоактив металлар;
31 та рангли тошлар;
20 таси рангли ва камёб металлар;
8 таси кўмир ҳамда ёнувчи сланецлар;
5 таси қора металл.
“10 та мис кони ҳисобга олинган бўлиб, унинг асосий захиралари Тошкент вилоятидаги “Олий Зиё”, “Саричеку”, “Қизата” конларига тўғри келади. Қўрғошин ва рухнинг 5 та конлари маълум (Хондиза, Учқулоч, Чинорсой, Лашкерек, Кулчулоқ)”, деди Илёс Жумаев.
Ҳозирда улар Олмалиқ КМК томонидан қазиб олинмоқда ва комбинатнинг қувватларини истиқболда 2 баробарга ошириш имкониятини беради.
Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 9 та кон бўйича вольфрам захиралари ҳисобга олинган ҳамда уларнинг баъзилари ўз вақтида ўзлаштирилган. “Қўйтош” ва “Ингичка” конлардан захираларнинг асосий қисми қазиб олинган. Қолган 4 таси (Саутбай, Яхтон, Ходжадик, Гуссой) истиқболдаги вольфрам хомашё базаси ҳисобланади.
43 турдаги норуда фойдали қазилмаларнинг 2 085 та ортиқ кони аниқланган, ҳозирда уларнинг 86 фоизидан кўпроғи саноатда ўзлаштирилган.
Айтилишича, бугунги кунда 328 тадан ортиқ ер қаъри участкаларида тадбиркорлар томонидан янги конлар аниқлаш учун геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.