Туркияда сўнгги уч кун давомида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди.
Жумладан, 11 июнь куни Истанбулдаги Шимолий Мармара автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси, 31 ёшли А.Ҳ. ва унинг 2 ойлик фарзанди ҳалок бўлган. Мазкур автоҳалокатда А.Ҳ.нинг туркиялик турмуш ўртоғи ҳам вафот этган.
Шунингдек, 12 июнь куни Истанбулнинг Тузла туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н.М. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Бундан ташқари, узоқ вақт давомида онкологик касаллик билан курашиб келган 58 ёшли ўзбекистонлик аёл Истанбулдаги шифохоналардан бирида вафот этган.
Истанбулдаги бош консулхона марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, Миграция агентлиги билан ҳамкорликда жасадларни Ўзбекистонга юбориш ҳамда бошқа зарур консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.