Ухлашдан олдин сут маҳсулотлари ва ширинликларни истеъмол қилиш уйқусизлик ва тунги даҳшатли тушларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail нашри Frontiers in Psychology журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб хабар берди.
«Ухлашдан олдин дам олиш учун бир стакан илиқ сут ичиш аслида ухлаб қолишга халақит бериши мумкин», — дейилади мақолада.
Тадқиқот муаллифлари ўртача ёши 20 ёш бўлган 1082 нафар талабадан бир ой давомида уйқу сифати бўйича 19 та саволдан иборат сўровномани тўлдиришни сўраган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ухлашдан олдин сут маҳсулотлари, ширинликлар, гўшт ва аччиқ таомлар истеъмол қилган одамларда уйқусизлик ва тунги даҳшатли тушлар кўпроқ кузатилган.
Тадқиқотда, шунингдек, лактозани ҳазм қила олмаслик ва тунги даҳшатли тушлар ўртасида боғлиқлик аниқланган. Лактаза етишмовчилиги бўлган одамларда газак туридан қатъи назар, уйқу сифати ёмонлашиши анча кўп кузатилган.
Шу билан бирга, тадқиқот иштирокчиларининг 20 фоизи кечаси мева, ўсимлик чойи ва сабзавот истеъмол қилиш орқали уйқусини яхшилаган.
Аввалроқ сомнолог, кардиолог ва функционал диагностика мутахассиси Валерия Бонадикова мелатонинни узоқ вақт давомида назоратсиз қабул қилиш юрак-қон томир асоратлари хавфини оширадиган касалликларни яшириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Шифокорнинг таъкидлашича, сурункали уйқусизлик ортида кўпинча обструктив уйқу апноэси яширин бўлади. Бу уйқу вақтида нафас олишнинг тўхтаб қолиши билан кечадиган ҳолат бўлиб, тунги қон босимининг ошиши ва юрак ритмининг бузилиши билан боғлиқ.