Мамлакатимизда арзон уй-жойлар қуриш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш, мазкур жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йилнинг ўзида тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 трлн сўмлик ресурс йўналтирилиб, дастлабки бадал учун ва фоизларни қоплашга 1,6 трлн сўм субсидия ажратилган.
Таъкидлаш жоизки, сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекаётган ва алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг субсидия олиши билан боғлиқ жараёнларда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам қатор вазифалар юклатилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти, шунингдек, бошқа ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамкорлигида «Ипотека кредити бўйича давлат субсидияларини беришдаги инсофсизлик хавфларини баҳолаш» бўйича ўтказилган тадқиқот натижасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ҳали ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги маълум бўлди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарорида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекаётган ва алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар рўйхатини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқлаш ҳамда жамоатчиликка эълон қилиш белгиланган, бироқ мазкур рўйхатни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ишлари якунига етказилмаган.
Ҳудудий тиббиёт муассасаларига беморларнинг сурункали касалликлари ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда кузатиб бориш ва маълумотларни янгилаш имкониятини яратиш лозим бўлсада, беморларнинг касаллик тарихини рақамлаштиришга етарли эътибор қаратилмаган.
Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг адолатли эътирозларига, жумладан оғир сурункали касалликка чалинган шахсларнинг субсидия олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишига ва давлат органлари ҳамда ташкилотларига мурожаатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Сенатига 2024 йилнинг 10 ойи давомида уй-жой масаласида 1137 та мурожаат келиб тушгани бундан дарак беради.
Оғир сурункали касалликни бошидан ўтказаётган фуқароларнинг бу борадаги муаммоларини бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирлар хусусида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига сенатор сўрови юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўтарилган масалалар бўйича ўз режалари ҳақида жорий йилнинг 17 декабрига қадар асослантирилган тушунтиришлар бериши назарда тутилмоқда.