Ўғирлик жинояти асосан ўзганинг мол-мулкини яширин равишда қўлга киритишга қаратилган жиноий ҳаракат ҳисобланади. Лекин, жиноят қонунчилигимизда нафақат ўзганинг мол-мулкини ўғирлаганларга, балки одам ўғирлаганларга ҳам муқаррар жиноий жавобгарлик белгиланган.
Одам ўғирлаш жинояти – жамият учун энг катта хавф туғдирадиган жиноий ҳаракат ҳисобланади. Чунки, ушбу жиноят натижасида инсон ҳаёти, соғлиғи хавф остида қолиб, унинг шаъни, қадр-қиммати топталади. Турли хил ваҳима ва саросималар келиб чиқади. Амалдаги ҳуқуқ-тартиботига кишиларда ишонч йўқолишига олиб келади.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида одам ўғирлаш, шахсга ўртача оғир шикаст етказиш, ўлдириш ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот тайёрлаш ва тарқатиш каби жиноятларни содир қилган шахсларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Хусусан, 2019 йил февраль ойида З.Тўхтабоеванинг фойдаланишида бўлган телефон рақамига ўзга йигитнинг телефон рақамидан кўплаб қўнғироқлар бўлган. Табиийки, З.Тўхтабоеванинг тинчи бузилган. Бироқ, З.Тўхтабоева бу ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бериб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига бошқача йўлни танлади.
У бу ҳақида таниши, Тошлоқ туман ҳудудида зўравонлик билан ном қозонган Ш.Турсунбоевга хабар қилган ва ундан телефон қилаётган йигит билан гаплашиб қўйишни сўраган.
Ш.Турсунбоев З.Тўхтабоевани унинг тинчини бузаётган шахсдан ҳимоя қилишнинг антиқа режасини тузиб чиқди.
У дастлаб, З.Тўхтабоева орқали унинг телефон рақамига қўнғироқ қилаётган шахсни Фарғона шаҳар, “Ҳувайдо” маҳалласидаги, Низомий кўчасига келишини ташкил этди. Ўзига ўхшаган зўравон шериклари А.Мелибоев, А.Алижонов ва С.Машраповлар билан қўнғироқ қилган шахсни ўша ерда ўғирлаш, яъни уни ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, турган жойидан бошқа жойга кўчириб олиб бориб, З.Тўхтабоевага қилган ножоиз хулқ-атвори учун жазолаш мақсадида унга тан жароҳати етказиш, ўлдириш ва зўрлик билан қўрқитиш, ушбу жараённи видео тасвирга олинишини ташкил этиш орқали зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот тайёрлаш ва тарқатиш, шу тарзда ўзларича “адолат” ўрнатиш ҳақида ўзаро олдиндан келишиб олди.
Шунга кўра, З.Тўхтабоева қўнғироқ қилган шахсни 2019 йил 10 февраль куни, соат 10-00 да Фарғона шаҳар “Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига учрашиб олиш учун келишини айтиб, уни у ерга келиши ҳақида Ш.Турсунбоевга, Ш.Турсунбоев эса А.Мелибоев, А.Алижонов ва С.Машраповларга хабар берган.
Шундан сўнг, Тошлоқ тумани ҳудудида Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, А.Алижонов ва С.Машрапов учрашиб, С.Машрапов бошқарувидаги “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашинада Фарғона шаҳар, “Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғини, Низомий кўчасидаги жойлашган Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли 47-сонли муассаса яқинига борганлар.
У ерга шу вақтда А.Дадажонов бошқарувидаги “Damas” русумли автомашинасида Р.Деминов, Д.Дадажонов ҳам борганлар.
Д.Дадажонов қиз билан кўришиш учун Р.Деминовнинг ўрнига бироз олдин автомашинадан тушиб қолган.
А.Дадажонов бошқарувидаги “Damas” русумли автомашинасида Р.Деминов билан қайтиб олиш учун ҳаракатланганларида уларни С.Машрапов бошқарувидаги “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашинадан фойдаланиб, Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, А.Алижонов билан бирга мажбуран тўхтатган.
А.Мелибоев дарҳол “Damas” русумли автомашинасини бошқариб келган А.Дадажоновга жисмоний куч ишлатиб, уни ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, автомашина калитини олиб қўйган. А.Дадажоновнинг ўзини мажбуран С.Машрапов бошқарувидаги “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашина орқа ўриндиғига ўтқазган.
Ш.Турсунбоев Д.Дадажонов олдига бориб, унинг қўлидан ушлаб, уни ҳам ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, С.Машрапов бошқарувидаги “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашина орқа ўриндиғига мажбуран ўтқазган.
Ш.Турсунбоев Р.Деминовга қўлидаги пичоғини намойиш қилиб, А.Мелибоев, А.Алижонов билан бирга уни ҳам ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, С.Машрапов бошқарувидаги “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашина орқа ўриндиғига мажбуран ўтқазган.
А.Алижонов “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашина орқа ўриндиғига мажбуран ўтқазилган А.Дадажонов, Р.Деминов, Д.Дадажоновлар олдига уларни эркин ҳаракатланишини чеклаш мақсадида ўтирган. Ш.Турсунбоев эса ўзи билан бирга олиб келган таёқ (бита) ва пичоқ билан автомашина олд ўриндиғига ўтирган. Автомашинани С.Машрапов бошқариб, “Damas” автомашинасини А.Мелибоев бошқариб, йўлда кетаётганларида Ш.Турсунбоев А.Дадажонов, Р.Деминов, Д.Дадажоновни эркин алоқа имкониятидан маҳрум этиш мақсадида, уларнинг уяли алоқа воситаларини олиб қўйиб, шу тарзда Р.Деминов, Д.Дадажонов ва А.Дадажоновларни турган жойидан бошқа жойга, яъни Фарғона шаҳар ҳудудидан Тошлоқ туманидаги “Оқ олтин” ММТПга қарашли “Абдулхамид ота” фермер хўжалигининг дала ер майдонига кўчириб олиб борган.
Шу жойда Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижонов Р.Деминов ва Д.Дадажоновларга нисбатан зўрлик ишлатиб, қасддан уларни турли жойларига таёқ (бита) билан ураётганларида Д.Дадажонов улар олдидан қочиб кетган. Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижонов Р.Деминовни ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, эркин ҳаракатланишини чеклаш ва қочиб кетмаслиги учун ҳар томондан ўраб олиб, шу жойда бўлган А.Дадажоновни уларга қаршилик қилиш имкониятидан маҳрум қилиб, С.Машрапов телефон орқали видео тасвирга олиб туришини таъминлаб, Р.Деминовга пичоқ ўқталиб, уни ўлдириш ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уни таёқ (бита) ҳамда қўл оёқлари билан бир неча марта уриб, тепиб, унинг тишларини синдириб, оғир тан жароҳати етказиб, унга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиб, зўравонлик ва шафқатсизлик қилаётган ҳолатларини видеотасвирга тушириб, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот тайёрлаганлар. Тайёрланган маҳсулотни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали бошқа шахсларга тарқатганлар. Оқибатда тан жароҳати олган Р.Деминов тиббий ёрдам олиш учун шифокорга мурожаат қилган.
Тергов ҳаракатлари давомида Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижонов бирга тайёрлаган ва тарқатган маҳсулот аниқланиб, лазер дискка ёзилган ҳолда ашёвий далил тариқасида олинган.
Шунингдек, С.Машрапов бошқарувидаги А.Дадажонов, Р.Деминов, Д.Дадажоновни ўғирлашда, яъни уларни ошкора шахсий эркинлигидан маҳрум қилиб, турган жойидан бошқа жойга кўчириб олиб боришда фойдаланган “Nexia” русумли 40 А 228 QA давлат белгили автомашина аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг 2020 йил 28 февралдаги ҳукми билан Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 137-моддаси 2-қисми ”в” банди, 105-моддаси 2-қисми “и” банди, 112-моддаси 1-қисми ва 1301–моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, ушбу Кодекснинг 59,61-моддалари қоидаларига асосан Ш.Турсунбоевга 6 йил 6 ой, А.Мелибоевга 6 йил, С.Машрапов ва А.Алижоновларнинг ҳар бирига 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижоновлар томонидан содир қилинган жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва омиллари сифатида улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчиликинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасида етарли ишлар олиб борилмаганлигини топиб, ушбу сабаб ва омилларни бартараф этиш тўғрисида Ш.Турсунбоев, А.Мелибоев, С.Машрапов ва А.Алижоновлар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирди.
Хулоса ўрнида, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини фақат ва фақат суд орқали ҳимоя қилиши, ўзига нисбатан қилинган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи Конституциямизда кафолатланганлигини, бошқа ғайриқонуний йўллар билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг оқибати, албатта юқоридаги каби аянчли тугаши мумкинлигини эслатиб ўтмоқимиз.
Азамат Анварович Хабибуллаев, Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди раиси