Фирибгарлик ва одам савдосида айбланиб, қидирувга берилган икки аёл Ўмондан Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Аёллар 23 май куни Интерполнинг Ўзбекистон Миллий марказий бюроси ходимлари кузатуви остида Ўмоннинг Маскат шаҳридан Тошкентга олиб келинган.
Қайд этилишича, уларни экстрадиция қилиш учун Ўзбекистон томонидан тузилган кузатув гуруҳи Ўмон султонлигига юборилган.
Шунингдек, Интерполнинг Маскатдаги Миллий марказий бюроси вакиллари билан ўтказилган учрашувда одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилиниб, Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган яна бир фуқаронинг Ўмонда қўлга олингани маълум бўлган.
Учрашув якунида соддалаштирилган экстрадиция тартибини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.