Ливан разведка хизматининг собиқ раҳбари генерал Аббос Иброҳим «Ал-Ҳурра» телеканалига берган интервьюсида АҚШ президенти Барак Обама Теҳронга ташриф буюриб, Эрон Олий раҳбари, оятуллоҳ Али Хоманаий билан учрашишни режалаштирганини айтди.
Аббос Иброҳимнинг сўзларига кўра, бу воқеа 2016 йилда содир бўлган. Ўша пайтда у АҚШда бўлиб, Марказий разведка бошқармаси (CIA) директори Жон Бреннан билан музокаралар олиб борган. Кутилмаганда Бреннан ундан Теҳронга қандай бориши ва Хоманаий билан қандай учрашувлар ўтказиши ҳақида сўрай бошлаган.
Бир қатор саволлардан сўнг CIA директори АҚШ президенти Обама Теҳронга бориш ва Хоманаий билан учрашишни хоҳлаётганини айтган. Бреннан Аббос Иброҳимдан бу учрашувни ташкил этишга ёрдам беришни сўраган.
2016 йилда Эроннинг ядровий дастури бўйича келишув аллақачон амал қилар эди. Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбурияти эвазига унга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бир қисми бекор қилинган эди.
Иброҳимнинг баёнига кўра, Обама Эрон муносабатларни нормаллаштиришга тайёр, деб умид қилган бўлиши мумкин. Бироқ ташриф амалга ошмади ва Эрон раҳбарияти АҚШни ўзининг қатъий рақиби сифатида кўришда давом этди.