Телеканалнинг хабар беришича, Hyundai i20 машинаси рулида Харйана штатидаги террорчилик гуруҳига алоқадор шахс сифатида қаралаётган доктор Умар Муҳаммад бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, у портловчи модда сифатида аммиак-нитрат ёқилғисидан фойдаланган. Портлашдан олдин Муҳаммад автомобилни тарк этмаган.
10 ноябр куни Нью-Деҳли шаҳрининг диққатга сазовор жойлардан бири бўлган Қизил қалъа яқинида содир бўлган портлаш оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди ва 20 дан ортиқ одам жароҳатланди. Ҳиндистон полицияси портлаш сабаблари бўйича "барча эҳтимолий версиялар кўриб чиқилаётгани”ни маълум қилган. Портлаш тўлқини атрофдаги автомобилларга ҳам зарар етказган, бир неча машина ва моторикшалар ёниб кетган.
Ҳиндистон пойтахтида кучайтирилган тревога эълон қилинган, бошқа штатларда, хусусан, Тож Маҳал жойлашган Уттар-Прадеш ва Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти Мумбайда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган.