Айнан пайтда Президентнинг «Қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида»ги янги фармонини мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда 1 060 та қишлоқ хўжалиги корхонасига 780 млрд сўм қоплаб берилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 644 та корхонага 145,2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғи қайтарилди. Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига тўланган солиқнинг 50 фоизи қайтариб берилиши йўлга қўйилди. 1 сентябр ҳолатига кўра эса 63 та тадбиркорга 2,3 млрд сўмлик солиқ қайтариб берилди.
Шерзод Кудбиевнинг айтишича, қишлоқ хўжалигида қиймат яратадиган асосий занжир ҳали ҳам расмийлаштирилмаган. Соҳадаги иқтисодий фаолиятнинг 44 фоизи яширин ҳисобланиб, унинг қиймати 169,5 трлн сўмга тенг. Фермер хўжаликлари ҳисобот юритишда етарлича билим ва кўникмага эга эмаслиги қайд этилди.
«2024 йилда етиштирилган 2,3 млн тонна помидордан фақат 135,8 минг тоннаси, яъни 5,9 фоизи солиқ ҳисоботларида акс этган. Шунингдек, жорий йилнинг олти ойи давомида 2,8 минг иссиқхона, яъни 62 фоизи бирорта ҳам электрон ҳисоб-фактура тақдим этмаган. Яна 1,2 минг иссиқхона эса фақат 10 тагина ҳисоб-фактура расмийлаштирган» деди Кудбиев.