Аввалроқ, Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясида ҳижоб билан таълим олиш мумкин бўлгани ва бу ҳақда Академия ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Аслида, ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар тарқала бошланган куннинг ўзидаёқ, Azon.uz таҳририяти масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси билан боғланишга уринди. Лекин, 19 июн куни академиянинг расмий сайтида кўрсатилган телефонларга қилган қўнғироқларимиз бесамар кетди, ҳеч ким жавоб бермади.
Бугун эса, аввалги хабарда келтирилган, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси Facebookʼ ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзилган ушбу шарҳлар ўчирилган:
Фойдаланувчи: “Бу академияда ҳижобда ўқиш мумкинми?“
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси: “Ассалому алайкум. Ҳа, мумкин. Бош кийим борасида ҳеч қандай тақиқлар йўқ, асосийси академиянинг форма бўйича қоидаларига риоя қилиш: пастга қора кийим, тепага оқ кийим”
Azon.uz таҳририяти ва ниҳоят бугун, ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси билан боғланишга муваффақ бўлди. Ўзини Академия ректоратининг ходими Санжар дея таништирган шахс, дастлаб академияни Facebook ижтимоий тармоғида расмий саҳифаси мавжудлигини рад этди. Кейинроқ бирорта талаба Академия номидан рухсат сўрамасдан бунақа саҳифа очган бўлса керак деган жавобни берди. Ваҳоланки, расмий саҳифада Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясининг барча расмий тадбирлари ва уларнинг фотолари келтирилганини кўриш мумкин. (Агар ўчириб юборишмаган бўлса).
Бевосита Академияда ҳижоб билан таълим олиш мумкинми, деган саволимизни беришга ҳам улгурмасимиздан, иккинчи тараф, сизга ўзимиз қўнғироқ қиламиз деб, телефонни қўйиб қўйди.