Нидерландия парламенти депутати Пепейн ван Хоувелинген мамлакатни Украинага ажратилаётган янги молиявий ёрдамлар сабабли Европа Иттифоқидан чиқишга чақирди.
Ўнг қанот мухолифатдаги «Демократия форуми» партияси вакили ижтимоий тармоқдаги баёнотида Европа Иттифоқи аллақачон Украинага юзлаб миллиард евролик ёрдам ажратганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 2028 йил учун муҳокама қилинаётган режалар доирасида Киевга яна 100 миллиард евро миқдорида қўшимча кредит ажратиш кўзда тутилмоқда.
«Бу даҳшатли манзара. Украинага ёрдам учун тўловларни европалик солиқ тўловчилар, жумладан нидерландияликлар ҳам ўз зиммасига олишига тўғри келади», — деди депутат.
Пепейн ван Хоувелингеннинг фикрича, бундай шароитда Нидерландия имкони борича тезроқ Европа Иттифоқидан чиқиши керак.
Бироқ мазкур баёнот депутатнинг шахсий сиёсий позицияси бўлиб, у Нидерландия ҳукумати ёки парламентнинг расмий нуқтаи назарини акс эттирмайди. Айни пайтда мамлакат ҳукумати Европа Иттифоқи таркибида қолиш ва Украинага кўрсатилаётган ёрдамни давом эттириш сиёсатини қўллаб-қувватлаб келмоқда.