Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Нейрохирургия марказида қандай ноёб операциялар йўлга қўйилди?

Нейрохирургия марказида қандай ноёб операциялар йўлга қўйилди?

Инсоннинг сезги органлари фаолияти бош мияда жойлашган 12 жуфт нерв орқали бошқарилади. Шу туфайли сўзлаш, эшитиш, кўриш, ҳид ва таъм билиш, имо-ишораларни ифодалаш каби имкониятларга эгамиз.

Организмнинг ушбу мураккаб аъзоси 100 миллиард нейрон ва триллион ҳужайралардан ташкил топган. Бу маълумотлар марказий асаб тизими касалликлари муолажасида мияга тиғ теккизиш нақадар мураккаб амалиёт эканлигини тасдиқлайди.

Нейрохирургия айни шу фаолият, яъни мия ва орқа мия, шунингдек, унинг периферик бўлимларини операция орқали даволаш билан шуғулланади.

— Ҳозир мамлакатимиз бўйича бу йўналишда нуқсон билан туғилиш, умуртқа поғонаси дегенератив-дистрофик касалликлари ҳамда марказий нерв тизими қон томирлари хасталиклари энг юқори ўринларни эгаллайди, — дейди Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Улуғбек Асадуллаев. — Муассасамизда ана шундай минглаб беморларда мураккаб ва ноёб операциялар ўтказяпмиз.

Шунингдек, ҳудудий филиалларимизда 100 га яқин турдаги нейрохирургик амалиётлар бажарилмоқда. Уларнинг ярмини юқори технологик операциялар ташкил этяпти. Бундан ташқари, илғор муолажа усуллари ҳудудлардаги даволаш муассасаларининг нейрохирургия бўлимларида ҳам жорий этилган.

Хусусан, яқинда муассасамизда илк бор бош мия ярим шарларининг нутқ ва харакат марказлари фаолиятини сақлаб қолиш мақсадида 3 нафар беморда “Awake Surgery”, яъни "уйғоқ жарроҳлик" усулида ноёб операциялар ўтказилди.

Шунингдек, Жиззах вилоятида биринчи марта эндоваскуляр усулда бош мия қон томирлари аневризмасида юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар ва Сирдарё вилоятида 1 нафар беморда юқори технологик нейрожарроҳлик муолажаси муваффақиятли ўтказилди.

Айни пайтда марказда турли оғриқ синдромларини операциясиз ва асоратсиз бартараф этувчи Радиочастоталик абляция даволаш технологияси ишлаб турибди. Эндоваксуляр жарроҳлик амалиёти, интраоперацион нейромониторинг имконини берувчи нейрофизиологик усулдаги муолажалардан кенг фойдаланилмоқда.

Шунингдек, бу ерда қўлланилаётган тутқаноқ касаллигини замонавий усулда даволаш методикаси қўшни давлатлардан ҳам мурожаатлар сонининг ошишига хизмат қиляпти.

Киритилди: 10:28 30.03.2023. Ўқилди: 1312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!