Исроилда ҳукмрон «Ликуд» партияси 27 октябрда бўлиб ўтадиган овоз бериш арафасида сайловолди плакатида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган суратидан фойдаланди.
Тел-Авивда жойлаштирилган реклама баннерида Эрдоган билан бир қаторда Эрон раҳбари Мужтабо Хоманаий, «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Наим Қосим ва Нью-Йорк мэри Зохран Мамдани ҳам тасвирланган.
«Улар Нетаньяхунинг мағлуб бўлишини исташмоқда. Уларга ғалаба қозонишга йўл қўйманг», — дейилади плакатда.
Шу тариқа Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги партия хорижий сиёсатчилар образларидан сайловолди ташвиқотида фойдаланиб, уларни амалдаги ҳукумат раҳбарининг ғалабасига қарши кучлар сифатида кўрсатмоқда.
Исроилда парламент сайловлари 27 октябрга белгиланган. Овоз бериш санаси яқинлашгани сайин исроиллик сиёсатчилар сайловолди кампаниясида Туркия ва Эрдоган мавзусига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда.