Nestle компанияси ифлосланган сувни тақиқланган усуллар ёрдамида филтрлаб, уни “табиий минерал сув” сифатида сотганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Таъкидланишича, Франциядаги минерал сув манбалари бошқа нарсалар қатори нажас, Escherichia coli бактериялари ва пестицидлар билан ифлосланган. Nestle каби компаниялар сувни ноқонуний равишда филтрлаб, кейин уни “минерал сув” сифатида сотгани айтилмоқда. Mediapart тадқиқот платформасининг таъкидлашича, сўнгги 15 йил ичида компаниянинг фирибгарлик миқдори 3 миллиард еврони ташкил этган. Истеъмолчилар айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.
Келгуси ҳафта Европа комиссияси ушбу масала юзасидан текширув бўйича ҳисоботни эълон қилиши кутилмоқда. Европа Иттифоқи директивасига мувофиқ, “табиий минерал сув” бир қатор мезонларга жавоб бериши керак, масалан, табиий тозаликка эга бўлиши ва ифлосланмаган ерости манбаларидан келиши керак. Nestle вакили эълон қилинган маълумотларга қўшилмаслигини билдирган.