Куз келиши билан юртимизда сурункали касалликлар хуруж қилиши ва мавсумий хасталикларга чалиниш ҳолатлари ортиши кузатилади. Айниқса, бу фасл ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши учун қулай палла ҳисобланади.
💊 Афсуски, кўпчилик бу пайтда шифокорга мурожаат қилиш ўрнига уй шароитида ўзбошимчалик билан антибиотиклар қабул қилади.
❓Хўш, бу қанчалик тўғри? Умуман, ушбу дори воситаси ҳақида нималарни билиш муҳим?
🔵Қуйида шу каби саволларга батафсил жавоб оласиз.
Мултичидамли бактерия нима?
💊 Бугун дунёда антибиотикларни нотўғри ва назоратсиз қўллаш нафақат бир бемор саломатлигига, балки инсониятга дахлдор жиддий муаммога айланмоқда. ЖССТнинг огоҳлантиришича, агар антибиотикларга чидамлиликнинг олди олинмаса, 2050 йилга бориб, дорига чидамли инфекциялар ҳар йили Ер юзида 10 миллионга яқин инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
💊 Тиббиётда антибактериал воситаларга чидамлилик ва мултичидамлилик тушунчалари мавжуд. Агар бактерия маълум бир антибиотик таъсирига чидамли бўлиб қолса, унга қарши мазкур дори самара бермаслиги мумкин. Бактерия бир нечта турдаги антибиотикларга бир вақтнинг ўзида чидамли бўлса, бу ҳолат мултичидамлилик деб аталади.
Антибиотик грипп ёки ЎРВИни даволамайди
😷 Ўткир респиратор инфекциялар ёки грипп хасталикларида антибиотиклар фойда бермайди, аксинча, ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки мазкур инфекцияларнинг сабабчиси бактерия эмас, балки вируслардир. Антибиотиклар эса фақат бактериал инфекцияларни даволашда қўлланилади. Шу сабабли ЎРВИ ёки гриппга чалинган бемор ушбу препаратларни қабул қилса, тезроқ тузалмайди, аксинча, ич кетиши, аллергия каби ножўя таъсирлар юзага келиши, бактерияларнинг чидамлилиги эса ортиши мумкин.
🏃♂️ Бундан ташқари, ҳар қандай антибиотик анафилактик шок, яъни инсон ҳаётига хавф солувчи аллергик реакцияга сабаб бўлиши мумкин. Уни заруратсиз ичиш — беҳуда хавф.
📌Антибактериал воситалардан палапартиш фойдаланиш тананинг бошқа аъзоларига ҳам жиддий зарар етказиш эҳтимоли бор. Хусусан, жигар ёки буйрак етишмовчилиги бўлган беморларда уларни шифокор тавсиясисиз қабул қилиш оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Уларга дори ва дозани фақат шифокор тайинлайди.
✅ Зотилжам, стрептококкли ангина, йирингли отит каби бактериал инфекцияларда эса антибиотик зарур — фақат буни ҳам шифокор аниқлайди. Шуни унутмаслик керакки, тайинланган дорини белгиланган доза ва муддатда ичиш лозим. Ортиб қолган дорини кейинчалик қабул қилиш ёки бошқаларга, айниқса, болаларга бериш асло мумкин эмас.
«Менга аввал шу дори ёрдам берган. Энди-чи?»
🩺 Амалиётда кенг тарқалган яна бир ҳолат бор: инсон аввал шамоллаганида маълум бир дори ичган ва соғайган. Кейин худди шундай белгилар пайдо бўлса, ўша дорини яна қабул қилади. Аммо бир хил белги доим ҳам бир хил сабабни англатмайди.
🤧 Йўтал вирусли инфекция, аллергия ва яна бир қанча касалликларда кузатилиши мумкин. Томоқ оғриғининг ҳам турли сабаблари бор. Шунинг учун дори қабул қилишдан олдин, албатта, шифокорга мурожаат қилиш ва касалликнинг сабабини аниқлаш лозим.
Шамоллаганда нима қилиш керак?
🫗Агар шамоллаш ёки грипп белгилари енгил кечаётган бўлса, аввало, организмга тикланиш учун шароит яратиш керак. Етарли суюқлик ичиш, дам олиш, хона ҳавосини мунтазам янгилаб туриш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади.
🌡 Тана ҳарорати, бош ва томоқ оғриғи ёки бошқа белгиларни енгиллаштириш учун дори воситалари зарур бўлса, уларни шифокор тавсияси асосида қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
‼️ Агар нафас олиш қийинлашиши, кўкракда оғриқ, ҳушнинг бузилиши, кучли ҳолсизлик, узоқ давом этаётган ёки жуда юқори ҳарорат, болаларда эса тез-тез нафас олиш ва ланжлик каби белгилар кузатилса, дарҳол оилавий шифокор ёки «103» хизматига мурожаат қилинг.