Ўзбекистон Кубогининг ярим финалида иштирок этадиган барча жамоалар номи маълум бўлди. Сўнгги йўлланмани "Ғазалкент" устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган "Навбаҳор" қўлга киритди.
Наманганда ўтган чорак финал баҳсининг биринчи бўлими мезбонлар устунлигида кечди. 26-дақиқада Жасурбек Жалолиддиновнинг узатмасини Муҳаммадали Ғиёсов бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Орадан олти дақиқа ўтиб, Жоэл Кожо фарқни иккитага етказди.
Танаффусдан кейин меҳмонлар ўйинга қайтишга ҳаракат қилди. 52-дақиқада Лазизбек Мирзаев гол уриб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.
Кейинги дақиқаларда "Ғазалкент" ҳисобни тенглаштириш имкониятларига эга бўлди, бироқ дарвозабон Шукрон Йўлдошев бир неча бор жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди.
82-дақиқада Ҳусайн Норчаев рақиб дарвозасини ишғол этиб, учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди — 3:1.
Шу тариқа, "Навбаҳор" Ўзбекистон Кубогининг ярим финалига йўл олди. Наманганликлар финал йўлланмаси учун ОКМК билан куч синашади.
Ўзбекистон Кубоги. Чорак финал
"Навбаҳор" — "Ғазалкент" — 3:1
Голлар: Муҳаммадали Ғиёсов (26), Жоэл Кожо (32), Ҳусайн Норчаев (82) — Лазизбек Мирзаев (52).