Бугун НАТО мудофаа вазирлари Брюсселда Украинага қурол-яроғ етказиб бериш, Украина Қуролли кучлари аскарларини тайёрлаш ва ҳарбий техникани таъмирлаш устидан назоратни альянсга ўтказиш режасини келишиб олди. Қарор 9-11 июль кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган саммитда тасдиқланиши керак. Киевга ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш штаб-квартираси Германия жанубидаги Висбаден шаҳрида, аллақачон фаолият юритаётган АҚШ ҳарбий базасида жойлашади. Логистика марказлари Полша ва Руминияда жойлашган. Янги тузилмани альянс генерал-лейтенанти бошқаради ва НАТОнинг Европадаги қуролли кучлари Олий бош қўмондони олдида ҳисобот беради. Бош қароргоҳда НАТО ва ҳамкор давлатлардан, асосан, Украинадан келган 700 га яқин аскар хизмат қилади.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун ишонтирганидек, бу альянсни можаро тарафига айлантирмайди. Аввалроқ Берлин янги мувофиқлаштирувчи органнинг «НАТОнинг Украинадаги миссияси» деб номланишига қарши чиққан эди. Германия буни Россия томонидан Ғарб қўшинларини мамлакатга киритиш деб талқин қилишидан қўрқди. Германия PACT — Pledge Assistance Coordination and Training номини талаб қилди.