Independent нашри хабарига кўра, НАТО қўшинлари Лондон марказидаги Чаринг Кросс метро станциясининг ташландиқ платформасида Россияга қарши эҳтимолий ҳужум сценарийларини машқ қилди.
Британия армиясининг Тезкор реакция корпуси “Аркада зарбаси” деб номланган машғулот ўтказмоқда. Унда ҳарбийлар Россия алоқаларини издан чиқариш ва дронларни йўқ қилиш учун электрон уруш тизимларидан фойдаланишни синовдан ўтказган.
Қўмондонлар маълумотига кўра, сценарий Болтиқбўйи давлатларидан бирига уюштирилган шартли босқинни қайтаришга қаратилган.
НАТО қуруқлик кучлари қўмондони, америкалик генерал Кристофер Донахью 2030 йилгача тўлиқ тайёр бўлиш альянс учун мажбурий вазифа эканини айтди.
“2030 йилга тайёр бўлиш — бу шунчаки шиор эмас, бу биз бажаришимиз шарт бўлган вазифа”, — деди у.
Британия Тезкор реакция корпуси қўмондони генерал-лейтенант Майк Элвис эса Россиянинг асосий устунликлари сифатида кучларни тез жамлаш ва ҳужум ташаббусини қўлда ушлаб туриш қобилиятини кўрсатди.
Муҳандислар ташландиқ метро платформасида тўлиқ фаолият кўрсатувчи қўмондонлик марказини ташкил қилди. Зарур ҳолатда ушбу штаб 100 минг нафар аскарни бошқариш имкониятига эга экани айтилмоқда.
Генерал Донахью НАТО замонавий ва арзон технологиялар бўйича Россия ҳамда Украинадан ортда қолаётганини тан олди. Айниқса, оптик толали бошқарувга эга дронлар альянс учун жиддий муаммога айлангани таъкидланди.
НАТОнинг Европадаги Иттифоқдош кучлари олий қўмондони генерал Алексис Гринкевич ҳам машқларни жуда муҳим деб атади.
“Агар биз рақибларимиздан тезроқ ўрганмасак ва мослашмасак, бу мудофаамизга путур етказади”, — деди у.