Мунчоқтепа топилмалари Наманган шаҳрига олиб келинди. Иккита икки тонналик некрополь ҳамда бешта сағана Наманган ўлкашунослик музейи ҳовлисида қуриладиган лабораторияда сақланади.
Ахсикент археология парки ва Хитой Фанлар академияси Археология институти қўшма экспедицияси илмий изланишлари шу лабораторияда давом этади.
Катта некрополларни бино ичига олиб кириш имконияти бўлмаганлиги сабабли 6х5 метр ўлчамдаги қурилма барпо этилмоқда.
Лабораторияни бунёд этиш ва жиҳозлаш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 100 миллион сўм атрофида маблағ талаб этилади.
Боб Фарғона водийсига шимоли-ғарбий томондан кираверишда барпо этилган илк шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам Поп водийнинг дарвозаси деб юритилади.
Араб тарихчиси Табарий Фарғонанинг беш шаҳрини тилга олади: Хўжанд, Боб (Поп), Косон, Фарғона-Ахсикат, Қува.
Археологик ўрганишлар Бобнинг қадимий Баландтепа, Мунчоқтепа ва Қирқҳужра ёдгорликларида олиб борилган.
Боб Сирдарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб милоддан аввалги VI -V асрларда 10 гектардан зиёдроқ жойда қурилган ва милодий эранинг IV асрини охиригача фаолият кўрсатган Қирқҳужра ёдгорлиги ўрнида бўлган.
Мунчоқтепа шартли равишда I, II деб номланди. Мунчоқтепа I қабристонида 14 та якка тартибда кўмилган қабрлар ўрганилди.
Улардан 9 таси оддий гўр ва 5 таси ёрма гўр (айвонли лаҳад). Мунчоқтепа II қабристонидан кўплаб ер ости сағана ва 18 та қамиш тобут аниқланди.
Қабрлар ичидан сопол буюмлар, ўқдон унинг ичида бир неча ўқлари, мева данаклари, пахта кўсаклари, мато қолдиқлари, ёнғоқ пўчоқлари ва ёғоч қин(пайонак)га солинган темир пичоқ, данаклардан қилинган мунчоқлар ва жуда кўплаб рангли (кўк, ҳаворанг, сариқ) ва катта-кичик мунчоқлар сочилган ҳолатда топилди.
Мунчоқтепа қабрларини ўзидан 7000 дан ортиқ мунчоқлар тўпланди.