Наманган вилоятидаги дам олиш ва овқатланиш масканларида аҳоли учун мўлжалланган маиший газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари фош этилди.
Наманган вилоятининг Поп туманидаги Қамчиқ довони, Парда Турсун ва Чодак қишлоқларида жойлашган ошхоналар ҳамда дам олиш масканларида фойдаланилаётган имтиёзли маиший газ баллонларига аниқлик киритиш мақсадида текширув тадбирлари ўтказилди.
Ўрганишлар давомида 10 та дам олиш ва 7 та умумий овқатланиш масканларида жами 68 та маиший газ баллонидан фойдаланилаётгани аниқланди. Улардан, 5 та дам олиш ва 2 та умумий овқатланиш масканларида жами 34 та махсус стикерли ёки газ таъминоти идораларига тегишли бўлган газ баллонларидан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, мазкур маиший газ баллонларини қабул қилган 15 дона ID карта аниқланди.
Тадбир давомида Поп тумани “Чодакбоши” МФЙда жойлашган “F. M. T.” номли умумий овқатланиш масканида 13 дона (10 дона суюлтирилган газ тўлдирилган, 3 дона бўш) маиший газ баллонлари ноқонуний сақланаётган “бункер” аниқланди. Шунингдек, ошхона эгасида мазкур маҳалла истеъмолчиларига тегишли бўлган 13 дона ID карта борлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, тегишли органларга юборилди.
Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича тадбиркорларга огоҳлантиришлар берилди ҳамда бундай қоидабузарликлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида тушунтириш ишлари ўтказилди.
📢 Суюлтирилган газ истеъмолчилари диққатига:
Имтиёзли нархларда аҳолига етказиб берилган маиший газ баллонларни тадбиркорларга бериш — кейинчалик фуқаро билан суюлтирилган газ етказиб бериш шартномаси бекор қилинишига сабаб бўлади.