Мажбурий ижро бюроси Янги Наманган туман бўлими давлат ижрочилари хизмат вазифасини бажариш вақтида қаршиликка дуч келишди.
Аниқланишича, бўлимнинг икки нафар давлат ижрочиси суд қарорига асосан ундирувчи таъминотчи корхона фойдасига 10,8 миллион сўм қарздорликни ундириш мақсадида қарздор фуқаронинг хонадонига боришган.
Бироқ, қарздорнинг ўғли қарзни тўламаслигини билдириб, давлат ижрочиларини ҳақорат қилган. Шунингдек, у давлат ижрочиларидан бирининг қўлидаги уяли телефонни тортиб олиб, деворга уриб синдирган. Иккинчи давлат ижрочисининг эса бўйин соҳасидан бўғиб, кўкрак қисмига урган ва унга енгил тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан тегишли модда билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда дастлабки терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонун талабларига риоя этиш, давлат ижрочиларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Қонуний талабларга бўйсунмаслик, мансабдор шахсларни ҳақорат қилиш ёки уларга нисбатан куч ишлатиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.