Бугун 31 октябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Мутахассис: Етарли миқдорда суюқлик ичмаслик туфайли буйракларда тош ҳосил бўлиши мумкин

Мутахассис: Етарли миқдорда суюқлик ичмаслик туфайли буйракларда тош ҳосил бўлиши мумкин

Буйраклар инсон организмидаги энг муҳим тана аъзоларидан. Шу боис унда кузатиладиган ҳар қандай кичик ўзгариш бутун организм фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин. Буйракда тош ҳосил бўлиши ана шундай муаммолардан биридир.

👨🏻 Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Шуҳрат Мухтаров ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ва даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумот беради.

🔬 — Кутилмаганда бел соҳасининг ён бошида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши, шу билан бирга, пешобнинг оз-оздан ва тез-тез, баъзида эса, оғриқ билан келиши – пешоб йўлларида тош ҳосил бўлганининг асосий белгиларидан ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Кўпчилик бу ҳолатга организмда модда алмашинувининг бузилиши, тузли овқатларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш сабаб, деб ўйлайди.

🫙 Аслида ушбу касаллик келиб чиқишининг бир қанча сабаблари мавжуд. Мисол учун, етарли миқдорда суюқлик қабул қилмаслик, пешоб йўлларидаги инфекциялар, пешоб миқдорининг камайиши, таркибида тош ҳосил қилувчи маҳсулотларни меъёридан ортиқ истъмол қилиш туфайли ҳам хасталик келиб чиқиши мумкин.

🩺 Буйракдаги тузлар (кристаллар) соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи инсонларда пешоб ажралиши орқали чиқиб кетади. Моддалар алмашинуви бузилиши натижасида кристаллар шаклланиб, ўсишни бошлайди ва бир-бири билан бирлашиб, тошга айланади.

❇️ Бу хасталикнинг хавфли томони шундаки, баъзида буйракда ҳосил бўлган тошлар йиллар давомида ҳеч қандай белгиларсиз катталашиши ва буйраклар иш фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкин.

Иситма, оғриқли хуружлар билан кечадиган турли ўткир касалликлардан фарқли равишда сурункали буйрак хасталиклари инсонни кўп ҳам безовта қилмайди. Шу боис аксарият беморлар ўткинчи оғриқ деб уни эътиборсиз қолдиради. Тошлар катталашиб, асоратлар юз бергандан кейингина шифокорга мурожат қилади. Бу эса даволаниш жараёнининг оғир ва узоқ давом этишига олиб келади.

🖇 Касалликнинг илк белгиларида пешобнинг ранги қизғиш, хиралашган тусга кириши мумкин. Тош пешоб йўлини тўсиб қўйса, беморда “буйрак санчиғи” кузатилади. Бу, қорин соҳасининг деярли ярмини қамраб олган ўта кучли оғриқ кўринишида намоён бўлади.

🤒 Беморларда тана ҳарорати ошиши, муздек тер чиқиши, совқотиб қалтираши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, айрим ҳолларда қайт қилиш каби белгиларнинг кузатилиши, касалликни асоратли кечаётганидан дарак беради.

‼️ Айни пайтда буйракдаги тошдан жарроҳлик амалиётисиз ҳам қутилиш мумкин. Бунинг бир қанча замонавий усуллари мавжуд.

💊 Бунинг учун тош ўлчами ва туридан келиб чиқиб дорилар ёрдамида даволаш, тиғ теккизмасдан масофадан майдалаш, кам инвазив эндоскопик йўл билан олиш, катта тошларда эса (3-5 фоиз ҳолларда) анъанавий жарроҳлик муолажасини қўллаш амалга оширилади. Даволаш усули касаллик даражаси ҳамда беморнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб танланади.

🫙Тош ҳосил бўлишини олдини олишнинг энг самарали йўли етарли миқдорда суюқлик (қарши кўрсатма бўлмаса) истеъмол қилиш орқали кунлик пешоб миқдорини 1,5 литрдан оширишдир. (https://telegra.ph/file/7896069eef7b9bd2c1b2e.png)

Киритилди: 15:54 22.07.2024. Ўқилди: 848 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!