Бугун 27 апрель, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Мулк тушунчаси, турлари ва уни ҳимоя қилиш усуллари

Мулк тушунчаси, турлари ва уни ҳимоя қилиш усуллари

Мулк ва унга оид муносабатлар тўғрисида меъёрий хужжатлар ва юридик адабиётларда тарифлар берилган.

Мулк – моддий ва маънавий неъматларнинг муайян кишилар эгалигида бўлиши ва улар томонидан ўзлаштирилишидир. Мулкка эгалик ҳуқуқи ҳамда мулк объектларига эгалик, уларни бўлиш, тақсимлаш бўйича кишилар ўртасида юзага келадиган иқтисодий муносабатлардир.

Мулк объекти ер ва ер ости бойликлари, корхона, бино, иншоотлар, машина ва ускуналар, тайёр маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар, санъат ва адабиёт асарлари, илмий ва техникавий ишланмалар ва бошқалар бўлиши мумкин. Моддий ва маънавий неъматларни амалда ўзлаштирувчилар мулк субъектлари, яъни эгалари ҳисобланади. Буларга айрим кишилар, оилалар, жамоалар ва давлат киради. Мулкдан амалда фойдаланиб, бундан наф кўриш мулкни иқтисодий тасарруф қилиш ҳисобланади.


Кишиларнинг моддий неъматларни яратишдаги, уларни тақсимлаш ва истеъмол этишдаги ўрни, сиёсий ҳаётда тутган мавқеи, асосан, ишлаб чиқариш воситаларига эгалик қилишларига боғлиқ. Жамият тараққиёти тарихида эгалик қилиш шаклига кўра мулкнинг бир неча тури бор: ибтидоий жамоа тузумида ишлаб чиқарувчи кучлар ғоят паст ривожланганидан кишилар биргаликда, гуруҳ-гуруҳ бўлиб меҳнат қилишган. Шубҳасиз, шундай шароитда меҳнат қуроллари ва маҳсулотлари жамоанинг умумий мулки бўлган. Меҳнат қуроллари ва меҳнат малакаси юксалгач, кишилар якка ҳолда меҳнат қила оладиган бўлди. Бу ўзгариш туфайли жамоа мулки парчаланиб, хусусий мулкка айланган.

Хусусий мулк – бу мулкни ўзлаштиришнинг хусусий усулига асосланган шакли. У икки хил бўлади:

1. Индивидуал – якка хусусий мулк, яъни айрим шахслар ёки оилаларга тегишли мулк;

2. Корпоратив хусусий мулк, бу ҳам айрим кишиларга қарашли, лекин акциядорлар жамиятидаги умумий мулкнинг бир кисми сифатида мавжуд бўлган мулк. Корпоратив мулк дивиденд келтирувчи мулкдир.

Жамоа мулки – бу жамоага ихтиёрий равишда бирлашган кишиларнинг умумий мулки бўлиб, бу мулкнинг эгалари шу жамоада мехнат қилиши шарт. Бу ерда мулк эгаси айни бир вақтда шу мулкни амалда ишлатувчи ҳам ҳисобланади.

Давлат мулки – давлат ихтиёрида бўлган мулк, давлат ҳокимияти органлари томонидан тасарруф этиладиган монополлашган мулкдир. Бундай мулк объекти – ер, табиат ресурслари, асосий воситалар, бинолар, молия, моддий ресурслар, ахборот, моддий ва маънавий бойликлар бўлиши мумкин. Бу мулк ижтимоий неъматларни яратишга хизмат қилади.

Давлат бор ерда унинг мулки мавжуд, лекин ушбу мулкнинг миллий иқтисодиётдаги улуши турли мамлакатларда фарқланади ва мамлакат иқтисодиётининг моделига боғлиқ. Фуқаролик жамияти доирасида давлат мулки тобора ижтимоий йўналиш олмоқда, яъни умуммиллий манфаатларни ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Мулкга эгалик ва уни тасарруф этиш муайян иқтисодий муносабатларни пайдо этади ва у мулкчилик муносабатлари деб аталади. Мулк пайдо бўлиши учун мулкка айланадиган нарсалар наф келтира олиши зарур. Мулкчилик муносабатлари мулкни кишиларнинг ўзиники ёки ўзганики эканлигини билдиради. Бундай муносабатларнинг 3 жиҳати бор:

1.Мулкка эгалик қилиш, яъни мулкдорлик ҳуқуқининг мулк эгасида сақланиб туриши.

2.Мулкдан фойдаланиш ва уни амалда ишлатиш. Мулкдан фойдаланилганда шахсий эҳтиёжларни қондириш ёки даромад топиш юз беради. Мулкдор ўз мулкини ишлатганда эгалик қилиш ва мулкдан фойдаланиш бир қўлда тўпланади, Мулк келтирган нафни унинг эгаси танҳо ўзлаштиради. Мулк ўзгалар қўлида ишлатилганда бундан олинган даромадни мулкдор мулкни амалда ишлатувчи билан баҳам кўради.

3.Мулкни тасарруф этиш — бу мулк тақдирини мустақил ҳал қилиш, яъни мулкни сотиш, меросга қолдириш, ҳадя этиш, гаровга қўйиш каби хатти-ҳаракатларни эркин амалга оширилишидир. Мулкий муносабатларда мулкни ижарага бериш муҳим ўрин тутади. Ер, сув ҳавзалари, бино ва иншоот каби кўчмас мулклар оддий ижарага берилади. Қимматбаҳо машина ваускуналар (трактор, комбайн, самолёт, тепловоз, пароход, юкавтомашиналаривавагонлар) ижараси лизинг шаклидаамалгаоширилади. Мулкбўлган пул маблағларниўзэгаситомонидан, ўзгаларгафойдаланибтуришучунбериш кредит шаклигакиради. Мулкмиллийбойликниҳосилэтади.

Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда фуқаролик ҳуқуқининг нормалари муҳим роль ўйнайди. Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг асосий усуллари:

Мулкни бировнинг қонунсизэгаллашидан талаб қилиб олиш (виндикатцион даъволар).
Мулкдан фойдаланишда мулк эгасига қилинган тўсқинликларни бартараф этиш (негатор даъволар).
Мулк ҳуқуқини бузишга қаратилган ғайриқонуний битимлар (шартномалар)ни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар.
Асоссиз олинган мулкни қайтариш йўли билан қўриқлаш.
Виндикацион даъво – бу мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишдир. Яъни, унга кўра, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли.

Негатор даъво – бунда мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш, яъни мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилишидир.

Мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлмаган масалаларни ўрганишда мулк эгаларининг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мажбурият ҳуқуқига оид воситалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бундай мажбурий-ҳуқуқий усуллари 2 кўринишда бўлади:

шартномавий муносабатлар;
шартномадан ташқари муносабатлар.
Шартномавий муносабатларда мулкий ҳуқуқнинг ҳимоя қилиниши тўғрисида шуни айтиш керакки, тузиладиган хима-хил шартномалар аксарият ҳолларда қонунга, шартнома шартларига риоя қилиниб тўғри ва инсофли равишда бажарилади. Аммо, баъзи ҳолларда шартноманинг айрим интизомсиз иштирокчилари шартнома юзасидан олган ўз мажбуриятларини бутунлай бажармасликлари ёки лозим даражада бажармасликлари мумкин.

Бундай пайтларда табиий бузилган мулкий ҳуқуқларни тиклаш ҳамда унинг ўзи билан мулкий ҳуқуқларни ҳар томонлама ва тўла ҳимоя қилиш масаласи қўйилади.

Шартномавий муносабатларда мулкий ҳуқуқларни бузиш турлари:

– қонун хужжатларининг тартибларига мувофиқ келмайдиган битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

– муомилага лаёқатсиз шахслар (ёш болалар, рухий касаллар) билан битим тузилиши натижасида мазкур шахслар мулкий зарар кўрсалар, тузилган битимлар ҳақиқий эмас деб топилиши билан бирга, бузилган мулкий ҳуқуқлар тикланиши лозим.

– жиддий янглишиш, алданиш, зўрлик қилиниши таъсирида тузилган битимлар (шартномалар) суд томонидан ҳақиқий эмас деб топишилиши мумкин.

– айрим шартномалар (олди-сотди, ижара, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, пудрат, мулк ташиш ва бошқалар) бўйича олинган мажбуриятлар бутунлай ёки лозим даражада бажармаслиги натижасида ташкилотлар ёки айрим фуқаролар мулкий зарар кўришлари мумкин. Бундай ҳолларда ҳам қонун (шартномалар)нинг ҳар қайсисини бузиш оқибатлари тўғрисида, ҳуқуқий нормалар бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишни назарда тутади.

Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб берилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир. Айни шу мақсадда кейинги йилларда суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда фуқароларнинг мулкий ҳу­қуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бу­зилган ҳу­қуқ­ларини тиклаш, етказилган зарар ўрнини жавобгар ҳисобидан қоплаш сингари низолар суд тартибида адолатли ечим топаётгани одамларнинг судларга нисбатан ишончи ортишида муҳим омил бўлмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амал қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратувчи ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига рухсат берилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари дахлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради.

Киритилди: 18:09 21.07.2022. Ўқилди: 45847 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!