АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Жон Рэтклифф жорий ҳафта Москвага яширин ташриф буюргани турлича талқин этилмоқда. Қайд этиш жоизки, Рэтклифф Россия 2022 йил феврал ойида Украинага қарши босқинчилик уруши бошлаганидан кейин Москвага келган илк юқори мартабали америкалик мансабдор саналади.
The New York Times газетаси ёзишича, МРБ раҳбари Жон Рэтклифф 25 август куни Москвада Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников билан учрашган ва ҳамкасбига Украина билан урушда Россиянинг ҳолати аянчли экани ҳақидаги хулосасини етказган. АҚШ бош жосуси ҳарбий, иқтисодий вазият янада ёмонлашмасдан туриб, Украина билан урушни тўхтатиш юзасидан музокарани бошлашга чақирган.
The Wall Street Journal ва Politico нашрларига кўра эса, МРБ раҳбарининг яширин ташрифидан кўзланган мақсад бошқа. Рэтклифф Россия раҳбариятини АҚШнинг НАТО таркибидаги иттифоқчилари, хусусан, Эстония, Латвия ва Литвага ҳужум қилиш оқибатидан огоҳлантирган.
Россия НАТО давлатларининг жавоб ҳаракатини синаб кўриш учун ҳарбий алянс давлатларига ҳужум қилиши мумкинлиги эҳтимоли кўпдан буён муҳокама этилмоқда.
АҚШдаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) ҳам ана шу версияни дастаклаган. Маълумки, НАТО битимининг 5-моддасида аъзо давлатлардан бирортасига қилинган ҳужум бутун ҳарбий алянс аъзоларига қилинган ҳужум деб малакаланиши ва жавоб чораси кўрилиши қайд этилган. ISW экспертлари фикрича, Россия чекланган ҳарбий амалиёт (авиация, ракета, дрон ҳужуми ёки қуруқлик орқали кичик ҳамла) орқали НАТО битимининг 5-моддаси қанчалик реал ишлаши, иттифоқчилар қандай жавоб ҳаракати қилишини синаб кўрмоқчи.
Эстониянинг собиқ президенти Тоомас Хендрик Илвес Euronews телеканалига берган интервюсида Жон Рэтклиффнинг Москвага ташрифидан кўзланган мақсад Россияни НАТО давлатлари, хусусан, Болтиқбўйига ҳужумдан қайтариш деган версияни рад этган. Унга кўра, Эронга қарши жорий йил 28 февралдан буён уруш олиб бораётган АҚШ Москва Теҳронга ҳужум учун нишонларга доир қимматли маълумотлар етказаётганидан ташвишда. МРБ раҳбарининг Москва миссияси ҳам Эронга кўмак борасида огоҳлантиришдан иборатдир.
Euronews билан суҳбатлашган европалик ҳарбий амалдор фикрича, Россия АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европага нисбатан кўмак позицияси ўзгараётганидан фойдаланиб, минтақага синов тариқасида ҳужум уюштиришни кўзламоқда. МРБ раҳбари эса Москвани бундай хатарли қадамдан қайтаришга уринган.
Таҳлилчилар Рэтклиффнинг салафи беш йил аввал Москвага худди шундай ташриф билан келганини ёдга олмоқда. 2021 йилнинг ноябрида МРБ раҳбари Уилям Бёрнс Россия пойтахтига келган ва Кремлни Украинага уруш очишнинг хатарли оқибатларидан огоҳлантирганди. Аммо ўшанда Россия президенти Владимир Путин Вашингтоннинг огоҳлантиришига қулоқ солмаган. Шунга кўра, айрим экспертлар Жон Рэтклиффнинг миссияси ҳам муваффақиятсиз якунланишини тахмин қилмоқда.
Болтиқбўйи давлатлари етакчилари гарчи Россия ҳужумини тасдиқловчи реал ҳаракатлар кузатилмаётган бўлса-да, бу таҳдидни эътиборсиз қолдирмаслик керак деган фикрда. Масалан, Литва президенти Гитанас Науседа Россия муҳим инфраструктура объектларига ҳужум уюштириши мумкин деб ҳисоблайди.
Европа Иттифоқига аъзо Шарқий Европа давлатлари ҳам Европа комиссиясидан ортиб бораётган хатарларга жавобан қўшимча чора-тадбирлар кўришни талаб қилмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп Axios нашрига интервюсида Россия ва НАТОнинг тўғридан-тўғри тўқнашуви масаласида хавотирланмаслиги, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишонтирган.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москванинг НАТОга ҳужуми эҳтимолини рад этган.
«Ҳозир бундай қўрқинчли миш-мишлар жуда кўп чоп этилмоқда. Албатта, бунинг ҳақиқатга ҳам, Россия Федерациясининг мақсад-ниятларига ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деган Д.Песков журналистларга.
Сўнгги вақтларда Россия ва НАТО ўртасидаги таранглик тобора кучаймоқда.
Жорий йил июн ойида Полша разведка идораси раҳбари Павел Шота Россия Федерацияси НАТО давлатларига нисбатан провокацион ҳаракат содир этиб, вазиятни издан чиқариши мумкинлиги ҳақида баёнот берганди.
Кремл Россиянинг Шимолий Атлантика алянси давлатларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ НАТОнинг бир қатор давлатлари расмийлари ва разведка хизматлари, жумладан, Германия мудофаа вазири Москва ҳужумга ҳозирлик кўраётганини айтмоқда.
Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген Россия президенти Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди.
Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Кал ҳам Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, Москва ҳужуми қаршисида ожиз қолишидан огоҳлантирган.
Олдинроқ Урушни тадқиқ қилиш институти Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.
Маълумот ўрнида: 2025 йил 12-16 сентябр кунлари Россия Беларус билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилди. Жараёнга ҳарбий форма кийган Путин бошчилик қилди.
Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.