Россия Эрондан бойитилган уранни олиб чиқиб, уни атом реакторлари учун ёқилғи сифатида қайта ишлашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.
“Бу win-win, яъни барча томонлар учун мақбул вариант деб аталади”, — деди Рябков.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча бу таклифга талаб йўқ, аммо Москва музокаралар иштирокчилари ушбу мавзуга қайтади деб умид қилмоқда. Россия Эрон уранини ўз ҳудудига олиб чиқиб, кейин уни атом реакторлари учун ёқилғи сифатида қайта ишлашни таклиф этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эрон урани масаласи Теҳрон ядровий дастури атрофидаги баҳсларнинг асосий нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.
АҚШ Эрондаги юқори даражада бойитилган уран захиралари мамлакат ядровий қурол яратиш имконияти ҳақидаги хавотирларни кучайтиради деб ҳисоблайди. Эрон эса ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келади.
Ғарб матбуотига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондан тахминан 450 кг бойитилган уранни мамлакат ҳудудидан чиқариш ёки йўқ қилишни талаб қилмоқда.
Россия, Хитой ва яна бир қатор давлатлар бу уранни Эрондан олиб чиқиш вариантларини таклиф қилган.