9 июн куни Испанияда бўлиб ўтиши режалаштирилган Конго Демократик Республикаси ва Чили ўртасидаги ўртоқлик ўйини бекор қилинди.
Ла-Линеа-де-ла-Консепсьон шаҳри мэри Хуан Франко Конго Демократик Республикасида Эбола вируси авж олиши сабабли ўйинни тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Мэрнинг сўзларига кўра, қарор соғлиқни сақлаш хавфсизлиги нуқтаи назаридан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиялари ва шаҳар соғлиқни сақлаш хизмати хулосалари асосида қабул қилинган.
«Биз бу қарорни қабул қилишга мажбур бўлганимиздан афсусдамиз, чунки ўйин шаҳар учун қизиқарли эди. Бироқ, Конгодаги соғлиқни сақлаш ҳолати ва тақдим этилган ҳужжатлар ҳеч қандай хавф йўқлигига тўлиқ кафолат бермайди. Шунинг учун биз буни энг оқилона қарор деб биламиз», — дея Франконинг сўзларини келтиради Mundo Deportivo.
Айни пайтда, Конго Демократик Республикаси терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттирмоқда. 3 июнь куни жамоа Белгиянинг Леж шаҳрида Данияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Конго ДР терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта ва 1974 йилдан бери биринчи марта Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Испания расмийлари аввалроқ ўйин учун мумкин бўлган хавфсизлик чораларини ўрганаётганликларини билдиришган ва ФИФА Конго ДР Футбол Федерацияси билан тиббий протоколлар ва санитария талаблари бўйича доимий алоқада.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Конго ДР терма жамоаси К гуруҳида Португалия, Колумбия ва Ўзбекистонга қарши ўйнайди.