Россия ахборот агентликлари маълумотларига кўра, “Санду бошқарувига қарши” шиори остида Кишинёвда бўлиб ўтган митингда 10 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Тадбир Коммунистлар партияси, Социалистлар партияси, “Молдованинг келажаги” ҳамда “Молдова юраги” партиялари томонидан ташкил этилди.
Митингда иштирок этган Молдованинг собиқ президенти Игор Додон ТАСС агентлигига берган интервюсида, сўл қанот партиялар томонидан тузилган блок Россия билан алоқаларни тиклаш ва барча давлатлар билан мувозанатли ҳамкорлик тарафдори эканини билдирди.
2024 йил ноябр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи турида амалдаги президент Майя Санду россияпараст партия номзоди, мамлакатнинг собиқ бош прокурори Александр Стояноглони ортда қолдириб, 55,4% овоз билан ғалаба қозонган эди.
Молдовада президентлик сайловларининг биринчи тури билан бир пайтда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум ҳам ўтказилган. Унда Евроинтеграция тарафдорлари ғалабага эришган, бироқ фарқ бир фоиздан кам бўлган.
Коммунистлар партияси референдум натижаларига эътироз билдирган бўлса-да, Молдова Конституциявий суди мазкур референдум натижаларини расман тасдиқлаганди.