Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Мирзиёев топшириғига кўра Фарғонада ҳоким, Қашқадарёда прокурор ва бошқа мансабдорлар ишдан кетди

Мирзиёев топшириғига кўра Фарғонада ҳоким, Қашқадарёда прокурор ва бошқа мансабдорлар ишдан кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси бу борада расман АХБОРОТ эълон қилди.

Маълумки, республикамизнинг қатор ҳудудларида эски бино ва иморатларни реконструкция қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, олис қишлоқ ва туманлар қиёфасини ўзгартириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда айрим вилоятлар раҳбарлари ва масъул шахслари томонидан кўчмас мулк объектларини бузиш ва ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан йўл қўйган хатолари ва қурилиш ишларини амалга оширишда аҳоли ва мулк эгалари билан келишилган тадбирларни амалга оширмагани учун Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти хокимлари фаолияти кескин танқид қилинди.

Рўй берган ҳодисалар доирасида бино ва иморатлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатини янада мустаҳкамланишини таъминлаш, аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шароитлар яратиш, бузиш ва келтирилган зарарларни қоплаш механизмларини тартибга солиш мақсадида жорий йилнинг 3 август куни Президентимизнинг 2019 йил 3 август куни «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.

Мазкур фармойиш билан Бош вазир раҳбарлигида бир ой муддатда ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қиладиган тегишли жойлаштириш ишларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилиб, у икки ҳафта давомида республика бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказади, бозор нархидан келиб чиққан ҳолда унинг реал баҳосини белгилайди, шунингдек аҳоли олдидаги қарздорликни узишнинг аниқ манбаларини белгилаб беради.

Жойларга чиққан ҳолда вазиятни ўрганиш, шунингдек республикамизнинг айрим ҳудудларида қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатлар ва мансабдор шахсларнинг ўзбошимчаликлари оқибатлари таҳлили натижалари аниқ таклифлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга киритилди.

Шу билан бир қаторда Президентимиз топшириғига мувофиқ йўл қўйган қўпол хатолари ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилгани учун Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокими, иқтисодиёт ва қурилиш масалалари бўйича хоким ўринбосарлари, хоким ва унинг қурилиш бўйича ўринбосари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани прокурори ва Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Қопланиши керак бўлган зарар ҳажми, жабр кўрган аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда вилоят хокимлари ва бошқа масъул шахсларнинг дарҳол эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши улар учун вазиятдан чиқишнинг энг осон йўли бўлиб, бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар учун масъулият ва мавжуд қийинчиликлар уларнинг ишини давом эттирувчиларга юкланади.

Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари томонидан тегишли ҳудудлар раҳбарларининг жойларда улар томонидан йўл қўйилган хатоликларни тузатиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва уларнинг ҳукуматга ишончини тўлиқ тиклаш бўйича ишларда шахсан иштирок этиши мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисидаги таклик қўллаб-қувватланди.

Йил якунлари бўйича барча вилоятлар, жумладан Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, жойларда юз юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги баҳоланади.

Киритилди: 09:47 09.08.2019. Ўқилди: 9025 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!