Президент топшириғига кўра, барча кучлар муаммони тезкор бартараф этишга йўналтирилди. Шу мақсадда тузилган Махсус комиссия ҳар кеча рейдлар ўтказиб, экологик қонунбузарликларни аниқламоқда.
Саида Мирзиёева ҳам комиссия ишларига ҳамроҳлик қилиб, муаммони жойида ўрганди . Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирида кунига 150 килограммга яқин кўмир ёқилаётгани аниқланди, бу эса ҳавонинг ифлосланишига сезиларли даражада таъсир қилаётгани қайд этилди. Мирзиёева таъкидлаганидек, экологияга етказилган зарарни ҳеч қандай даромад билан оқлаб бўлмайди.
Шу билан бирга, Саида Мирзиёева тадбиркорларнинг фаолиятини қонуний ва хавфсиз юритиши учун ёрдам кўрсатиш муҳимлиги билдирилди. Экология қўмитасига бир кун ичида ушбу иссиқхонага замонавий филтр ўрнатиш, шунингдек, тадбиркорлар учун семинар-тренинг ва филтрлар кўргазмасини ташкил этиш вазифаси топширилди.
Йиғилишда Саида Мирзиёева комиссиянинг дастлабки натижаларини муҳокама қилиб, қабул қилинаётган қарорлар тизимли бўлиши ва келажакда бундай экологик таҳдидларнинг олдини олиши зарурлигини таъкидлади . Масъулларга аниқ муддатларда самарали натижа кўрсатиш вазифаси юклатилди.
«Миллат саломатлиги иккинчи даражали масала бўлиши мумкин эмас — тоза ҳаво, сув ва соғлом экологик муҳит учун кураш олдимизда турган энг асосий вазифалардан биридир», — деди Саида Мирзиёева.