Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан банклар фойдасига ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда иш юритувдаги банк ундирувлари бўйича жами 5 триллион 852 миллиард сўмлик 31 мингга яқин ижро ишлари мавжуд бўлиб, шундан 22 мингдан ортиқ 5 триллион 12 миллиард сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланган.
Шунингдек, 842,6 миллиард сўмлик гаровдаги 1 минг 602 мулк аукцион савдосига чиқарилди ҳамда банклар фойдасига ундирув амалга оширилди.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор корхоналардан ундирувчи Бизнесни ривожлантириш банки фойдасига 7 миллиард 941 миллион сўм миқдорида кредит қарз суммаларини ундириш белгиланган.
Қарздор корхона қарз суммаларини ўз вақтида қопламагани сабабли, мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Гаровда бўлган 4 та кўчмас мулк объектидан 2 таси хатланиб, аукцион савдоларига чиқарилган.
Ҳозирда жами 6 миллиард сўмга хатланган мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилди. Аукцион савдоларидан тушган пул маблағлари банк фойдасига йўналтирилади.
Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.