Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» футболчисига айланишга яқин турибди.
20 ёшли ҳимоячи «Ланс»дан 50 миллион евро эвазига Англия клубига кўчиб ўтса, ФИФА қоидаларига кўра Ҳусановнинг аввалги икки клуби – «Энергетик-БГУ» ва «Бунёдкор» ҳам маълум миқдорда маблағ ишлаб олади.
Football24.ru хабарига биноан, Ҳусановнинг трансферидан унинг «Ланс»дан аввалги жамоаси «Энергетик-БГУ»га 340 минг евро ажратилади. Беларус клуби 2023 йилда ўзбек футболчисини 100 минг еврога Франция клубига трансфер қилганди. Абдуқодир 18 ёшдан 19 ёшигача ушбу жамоа сафида 37та ўйинда майдонга тушган.
Журналист Нодирхўжа Йўлдошевнинг телеграмдаги каналида ёзишича, Ҳусановнинг «Ман Сити»га трансферидан «Бунёдкор»га ФИФА регламентига биноан 2% ҳақ тўланади. Яъни, 12-15 ёшгача 0.25 фоиздан жами 4 мавсумга 1 фоиз ва 16-17 ёш учун 0.50 фоиздан 1 фоиз, жами – 2%. Бу – 1 миллион евро тўланади, деганидир.
Маълумот учун, Ҳусанов «Бунёдкор» асосий жамоасига таклиф этилмаган бўлса-да, у клуб академияси тарбияланувчиси саналади ва жамоанинг ёшлар таркибида ҳаракат қилган.