«Интер Майами» футболчиси Лионел Мессининг шахсий қўриқчиси Лигалар кубоги ўйинларидан четлатилди. Бу ҳақда Tyc Sports нашри хабар берди.
«Интер Майами» – «Атлас» (2:1) учрашувининг охирги дақиқаларида жамоа ўйинчилари ўртасида жанжал юз берди. Келишмовчиликнинг қизғин палласида Мессининг шахсий қўриқчиси Яссин Чеуко вазиятга аралашиб, Мексика клубининг икки футболчисини туртиб юборди. Шу ҳаракати учун у Лигалар кубогида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
«30 июл куни бўлиб ўтган «Интер Майами» – «Атлас» ўйинидан сўнг мезбонлар делегациясидан бир киши расмий аккредитациясиз тақиқланган ҳудудга кириб, ноўрин хатти-ҳаракатлар амалга оширди», — дейилади турнир ташкилотчилари баёнотида.
Шунингдек, шахсий қўриқчининг бу номақбул ишлари учун «Интер Майами» клубига жарима ҳам солинди.