Германия автомобиль ишлаб чиқарувчиси Binghatti билан ҳамкорликда Дубайда Mercedes-Benz бренди остида шаҳар яратиш учун 8,2 миллиард долларлик кенг қамровли лойиҳани ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Gulfnews хабар берди.
Умумий майдони 930 000 квадрат метр бўлган Mercedes-Benz Places-Binghatti City турар жой мажмуаси Мейдан туманида жойлашган бўлади. Бир нечта миноралардан иборат мажмуа Mercedes-Benzнинг "Сентиментал тозалик" фалсафасига асосланган турар жой ва тижорат иншоотлари, дам олиш масканлари ва жамоат жойларини ўз ичига олади.
Mercedes-Benz ва Binghatti лойиҳаси ўз инфратузилмасига эга бўлган "шаҳар ичидаги шаҳар"дир: савдо расталари, маданий зоналар, дам олиш масканлари, боғлар, транспорт марказлари, соғлиқни сақлаш ва спорт иншоотлари, ресторанлар ва кўнгилочар зоналар. Буларнинг барчаси мажмуа аҳолиси учун пиёда юриш масофасида бўлади.
Лойиҳа 2026 йил 14 январда ишга туширилиши режалаштирилган.