Мексика президенти мамлакатдаги “Z авлод” намойишлари ўнг қанот сиёсатчилар ва бизнесменлар томонидан молиялаштирилаётганини айтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Намойишчилар Уруапан шаҳри мэри Карлос Мансо отиб ўлдирилганидан кейин ҳукуматдан жиноятчиликка қарши қатъийроқ чоралар кўришни талаб қилишмоқда.
"Пойтахт Мехико шаҳрида ниқобли намойишчилар гуруҳи президент Клаудия Шейнбаумнинг қароргоҳи ҳисобланувчи Миллий сарой атрофидаги тўсиқларни бузиб ташлади. Тўқнашувлар пайтида полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди", дея хабар бермоқда агентлик.
Маълумотларга кўра, намойишлар пайтида камида 120 киши жароҳат олган, улардан 100 нафари полиция ходимлари, қолганлари тинч аҳоли вакиллари. Полиция 20 кишини ҳибсга олди, яна 20 киши маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланмоқда.
Сўнгги пайтларда Марокаш, Мадагаскар, Перу ва Непалда ҳам ёшларнинг норозилик намойишлари (баъзан “Z авлоди” норозиликлари деб аталади) бўлиб ўтди. Бундай намойишлар одатда турли ижтимоий тармоқлар орқали ташкиллаштирилмоқда.