Мексикада кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 72 нафарга етди.
Бу ҳақда ҳукуматнинг табиий офатлар мониторинги порталида маълум қилинди.
Энг кўп қурбонлар сони – 32 киши Мексика шарқидаги Веракрус штатида қайд этилган. Идальго штатида 21 киши ҳалок бўлди. Пуэбла штатида табиий офат 18 кишининг ҳаётига зомин бўлди, Керетаро штатида бир киши ҳалок бўлди. Қирқ саккиз киши бедарак йўқолган.
Расмийларга кўра, мамлакатнинг жанубий ва марказий ҳудудлари энг кўп зарар кўрган.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, юзлаб одамлар эвакуация марказларида қолмоқда.