Бокс бўйича оғир вазн тоифасида собиқ мутлақ жаҳон чемпиони, афсонавий америкалик Майк Тайсон украиналик Олександр Усик ва британиялик Тайсон Фьюри ўртасидаги реванш жангида кимга мухлислик қилиши ҳақида гапирди.
“Усик — оғир вазн тоифасида айни дамда дунёнинг энг яхши боксчиси. Лекин мен ушбу жангда Фьюри ғалаба қозонишига умид қиламан. Чунки мен унинг мухлисиман. Отаси унга менинг исмимни қўйган. Бундай вақтда мен уни ташлаб қўймайман”, дея Тайсоннинг сўзларини келтиради talkSPORT портали.
Эслатиб ўтамиз, Олександр ва Тайсон ўртасидаги жанг 22 декабрь куни Ар-Риёдда (Саудия Арабистони) бўлиб ўтади. Маълумот учун, 18 май куни бўлиб ўтган биринчи жангда Усик Фьюрини ҳакамлар қарорига кўра очколар ҳисобига мағлуб этганди.
16 ноябрь куни АҚШнинг Техас штати, Арлингтон шаҳрида Майк Тайсон ва Жейк Пол ўртасидаги ҳар бири икки дақиқадан саккиз раундга мўлжалланган профессионал мақомга эга бокс жанги бўлиб ўтди. Тўлиқ давом этган баҳсда Тайсон мағлубиятга учраган эди.