Савдо-саноат палатасига мавсумий кафе ва овқатланиш жойларини ташкил этишга оид тартиб-қоидалар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан турлича талқин қилиш ҳолатлари учраётгани ҳақида тадбиркорлар мурожаатлари келиб тушмоқда.
Тадбиркорлар мурожаатларига кўра, мавсумий кафе ва овқатланиш жойларини ташкил этиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан нотўғри қўлланилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган тўртинчи очиқ мулоқотида умумий овқатланиш корхоналарига ўз ҳудудига туташ бўш ер участкаларидан фойдаланган ҳолда мавсумий кафе хизматларини ташкил этишга рухсат берилган ҳамда мазкур жараённи соддалаштириш бўйича масъул идораларга топшириқлар берилган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларига туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишни ташкил этишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 478-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, тадбиркорга тегишли ҳудудга туташ ёки ундан 5 метрдан ортиқ бўлмаган масофада жойлашган бўш майдонлар тижорат фаолиятини амалга ошириш учун аукцион савдоларисиз тўғридан-тўғри ижарага берилиши белгиланган. Шунингдек, ижара шартномалари Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали расмийлаштирилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорларни туташ ҳудудлардан фойдаланишга эҳтиёж мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам ижара шартномаси тузишга мажбурлаш, рад этилган тақдирда эса ушбу ҳудудларни бошқа тадбиркорларга бериб юбориш билан таҳдид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мутахассисларга кўра, бундай амалиётлар амалдаги қонунчилик талабларига зид бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга оширишга тўсқинлик қилади.
Шу муносабат билан, агар тадбиркорларга нисбатан маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ноқонуний ёки асоссиз талаблар қўйилаётган бўлса, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига +998 78 150 60 06 телефон рақами орқали мурожаат қилиш сўралмоқда.