Бугун 22 февраль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Маск компаниясида россиялик миллиардернинг улуши аниқланди

Маск компаниясида россиялик миллиардернинг улуши аниқланди

Россиялик сенатор ва миллиардер Сулаймон Каримов Доналд Трампнинг биринчи маъмурияти томонидан киритилган санкцияларга тушганидан кейин ҳам Илон Маскнинг SpaceX компаниясидаги улушини траст орқали сақлаб қолган.

Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда.

Bloomberg манбаларининг, жумладан АҚШнинг икки нафар собиқ юқори лавозимли амалдорларининг айтишича, Каримов SpaceX акцияларига 2017 йилда ташкил этилган ва Делаверде жойлашган Heritage Trust орқали эгалик қилган. Дастлаб, уларнинг сўзларига кўра, траст SpaceX'нинг тахминан 1 фоизига эгалик қилган.

Сулаймон Каримов 2018 йил апрелида Олег Дерипаска, Виктор Векселберг ва бошқа миллиардерлар қатори АҚШ санкцияларига дучор бўлган эди. Heritage Trust'ни бошқариш билан шуғулланган Citigroup компанияси бу борада АҚШ Молия вазирлигига мурожаат қилган ва траст ҳамда у билан боғлиқ ташкилотларни блоклаш заруратини кўрмаган, деб ёзмоқда Bloomberg.

2022 йил июнь ойининг охирида АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси ўша пайтда тахминан бир миллиард доллар қийматига эга бўлган Heritage Trust активларини блоклаган. Bloomberg'нинг икки манбаси маълумотларига кўра, SpaceX компаниясидаги улуш бу вақтга келиб аллақачон сотиб юборилган эди.

Citigroup вакили шарҳ беришдан бош тортди. SpaceX, Илон Маск ва Каримовнинг ўзи агентликнинг изоҳ сўровига жавоб қайтаришмади.

58 ёшли Сулаймон Каримов Bloomberg миллиардерлар индекси маълумотларига кўра, Россиянинг энг бой кишилари рўйхатида 17-ўринни эгаллайди. Умумий ҳисобда у 9,9 миллиард долларга яқин соф капитали билан 282-ўринда туради. У 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари остида, кейинчалик эса Европа Иттифоқи ҳам унга нисбатан санкциялар жорий этган.

Киритилди: 21:36 30.01.2025. Ўқилди: 1350 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!