Буюк Британиядаги ўнлаб масжидлар ва мусулмонлар уюшмалари Бош вазир Кир Стармерга мактуб йўллаб, уни Фаластин давлатини тан олишга ва Исроил билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишга чақирди. Мурожаат Лондон ва Тел-Авив ўртасидаги савдо келишуви бўйича музокаралар тўхтатилган бир пайтда янграмоқда.
Имзоловчилар орасида Лондон марказий масжиди, Манчестер Ислом академияси ва Буюк Британия мусулмон уламолари уюшмаси бор. Улар Британия Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги қадамларини олқишладилар, аммо улар етарли эмаслигини таъкидладилар.
Мактубда Исроилни қўллаб-қувватлаш ва самарали дипломатик қадамлар қўйилмаганидан “чуқур хавотир” билдирилган. Муаллифлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, барча гаровга олинганларни озод қилишга ва БМТ резолюцияларига мувофиқ Фаластинни тан олишга чақирмоқда.
Диний ташкилотлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқни бузган томонларга қурол етказиб бериш ва ҳарбий ёрдамни зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқда. “Ўнлаб йиллик адолацизлик ва четланишга барҳам бериш бизнинг умумий маънавий бурчимиздир”, дейилади мактубда.
Бу чақириқ, келаси ой бўлиб ўтадиган халқаро БМТ конференсиясида Британия ва Франсия томонидан Фаластинни тан олиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга тўғри келди. Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Девид Лемми Исроил ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари “мамлакатни ўз иттифоқчиларидан ажратиб қўяётгани” ва “Британия халқининг қадриятларига” зид эканини айтган эди.