Ушбу мавзуда айрим фикрларни ёзишни анчадан бери ўйлаб юрар эдим, вақти‑соати бугун экан, эътибрингизга ҳавола қилинмоқда. Аниқроғи, шу мавзу ўртага ташланиб, одамларнинг диққат марказида бўлган пайтни кутиб юрган эдим, бугун шу соат келган кўринади.
Шуни ҳам айтишим лозимки, мен бу ерда гапни бирор кишига қаратмоқчи эмасман, балки анчадан бери тузалмай келаётган оғриқли бир дардга даво излашни, айрим кишиларимиздаги тушунчаларни тўғрилашни, кўпчилигимизга эслатма бўлишини умид қиламан. Шу билан бирга, бундай фикрларни диндорлар ўзаро улашиб юравермай, жамиятимизнинг бошқа қатламларига, диндан узоқ бўлган, у ҳақда нотўғри тушунчада юрган юртдошларимизга ҳам илинишимиз лозим эканини эслатишни истардим.
Масжид ва мадраса (ҳозирги тил билан айтганда, мактаб, институт) тушунчалари бир‑бирига зидми? Улар бир‑бирини инкор этадими? Уларни бир‑бирига қарши қўйиш мумкинми?
Исломда масжид билан мадраса (мактаб, институт) бир‑бирини тияб, қувватлаб турадиган, бир‑бирини эслатадиган тушунчалардир. Аслида, дастлаб масжидлар мадраса вазифасини ҳам ўтаган. Масалан, имом Бухорий, имом Термизийлар масжидда таълим олган. Кейинроқ талабалар ётиб ўқишлари учун дарсхоналарни ажратиш асносида мадрасалар алоҳида бино сифатида қуриладиган бўлган. Ҳа, Исломда мадрасалар масжидлардан «дунёга келган». Лекин шунда ҳам улар бир‑бирига зид даргоҳлар деб қаралмаган, балки бир‑бирини суяб турувчи бинолар бўлган. Шунинг учун ҳамма мадрасалар ёнида ёки ичида масжид бор. Шунинг учун ҳар бир масжид яқинида мадраса бор. Буни билиш учун илм керак эмас, узоққа боришга ҳам ҳожат йўқ, юртимиздаги тарихий иншоотлар билан танишиш кифоя. Биргина Регистон мажмуасини кўз олдимизга келтирайлик. У ердаги мадрасада ўша даврдаги барча илмлар бирдек ўргатилган ва мадраса масжид билан туташ, бир жойда барпо этилган. Бу икки тушунча бир‑бирига ўта яқин бўлганидан биз уларни бугунги имломизда кўп ўринларда чизиқча билан бириктириб «масжид‑мадраса» деб ёзамиз. Нега шундай? Чунки халқимиз қадим‑қадимдан бу икки даргоҳни бир мақсад сари етакловчи эгиз маконлар деб билган, ҳеч қачон уларни бир‑биридан айирмаган. Уларнинг ўртасига дунё тарихида худосизлардан бошқа тоифа раҳна солмаган. Ҳатто, мадрасаю қорихоналар барпо қилингандан кейин ҳам масжидларда таълим тўхтамаган.
Ўша биз мақтайдиган Хоразмий ҳам, Фарғоний ҳам, Улуғбек ва Навоий ҳам мадрасада етишган, диний илмларни ҳам, бошқа илмларни ҳам битта даргоҳда, ҳа, битта хонада, керак бўлса, битта устозда ўқишган. Яна ҳам аниқроғи, улар ўрни келса, устоз‑шогирд анъанасига кўра, ҳужрада таълим олган ва масжидга қатнаб улғайган. Зеро, масжид‑мадрасаларда диний ва тажрибий илмлар тенг ўргатилган. Шунинг учун аждодларимизнинг тиббиёт ва адабиётга доир китоблари ҳам, фалакиёт, жуғрофия ёки фалсафага доир асарлари ҳам басмалаю ҳамду сано, салавоту дуолар билан бошланган ва ояту ҳадислар билан йўғрилган. Ҳатто бугун ҳам бизда мадрасаларда фақат диний билим ўқитилмайди, таълим тизимида талаб қилинган зарурий фанларнинг барчаси ўргатилади. Чунки Ислом ҳеч бир илмга қарши эмас.
Фаробий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоий, Бобур ва бошқа барча алломаларимизнинг асарларини ўқинг, улар ояту ҳадисларни, диний ақида ва тушунчаларни гап орасида, мисол тариқасида, табиий равишда, шунчалар осон ва оддий тарзда келтирадики, бундан Ислом уларнинг вужудига қанчалар чуқур сингиб кетганини дарҳол англайсиз. Улар бугунги авлодларининг Ислом билан илм ўртасида муаммо чиқараётганларини кўришса, ақлдан озай дейишлари аниқ.
Ибн Сино болага тили чиқиши билан биринчи бўлиб Қуръон ўргатилади, деб ёзади. Афсуски, бугун у кишини намуна қилиб кўрсатаётганлар Қуръонни 18 ёшдан кейин ўрганиш керак, дейишмоқда. Қалб кўзи кўрмаса, ақл ҳам тўғри ишламас экан. Амир Темур болалигида қори бўлган ва Қуръон оятларини ҳаттоки акс тартибда ўқий олган. Бугун у кишини бобомиз деб фахр этаётган айримлар Қуръондан бехабарликлари етмагандек, ундан қўрқиб қочишмоқда, қўрқитишмоқда. Ҳидоят бўлмаса, қийин экан.
Мирзо Улуғбек бир тарафда «Шердор» мадрасасини қурган бўлса, бир тарафда «Дорут‑тиловаҳ» Қуръон мактабига асос солган. Бир жойда ўқигандим, кейин қайтиб топа олмадим, манбани ҳам эслолмадим, Мирзо Улуғбек фалакиёт олими бўлиш баробарида, етти машҳур қироат бўйича ҳам мутахассис бўлган экан. У киши ёшлигидаёқ Қуръон ҳофизи бўлгани аниқ. Аммо етти қироатни жамлаган қори бўлиш анча юқори даража ҳисобланади.
Масжид билан мадраса ўртасига тўсиқ қўйиш билан биз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Болаларимизнинг бугунги билимсизлигига масжидни баҳона қилиш қуруқ туҳмат, чунки улар ўзи масжиддан йироқда улғайди. Биз аввало таълим тизимини ислоҳ қилишимиз, уни тубдан янгилашимиз ва унга руҳ бахш этишимиз лозим. Муаммо шунда. Илм борасидаги соф исломий тушунчаларни кенг ёйишимиз, Ислом илм дини эканини, унда барча манфаатли илмлар бирдек қадрланишини уқтиришмиз керак. Шаръий илм олимларини ҳурмат қилгандек, тажрибий илмлар билимдонларини ҳам умматнинг зиммасидан қайсидир фарзи кифояни бажарган олим сифатида эҳтиромини қилишга ўрганишмиз лозим. Масжид билан мадрасалар (мактаб, институт) ўртасига солинган бир асрлик «араз‑тумшуқ»ни ортга улоқтириб, энди уларни «яраштиришимиз» даркор. Улар бир‑бирини қўллаб‑қувватлагандагина биз чин маънода ривожланамиз ва том маънода мақсадга эриша оламиз.
Замонавий фанларни эгаллашда жаҳон халқлари мусобақалашмоқда. Биз улар билан бу борада мусобақалашиш баробарида, динни ҳам ўрганиб, уйғунлаштирсак, улардан албатта устун бўламиз. Чунки улар фақат дунё илмларини эгалласа, биз дину дунё илмларини ўзлаштирган бўламиз.
Бугун дунё илғорлаб кетган. Масжид билан мадраса ўртасини айириш усули бир‑иккита мамлакатни ҳисобга олмаса, ҳозир жаҳонда ҳеч қаерда йўқ. Бу ҳақиқатни бутун дунё тушуниб етганига етмиш йил бўлди. Аммо биз ҳали ҳам бу ҳақда тортишиб ётибмиз. Шармандалик бу! Ҳа деса, бизда шароит бошқача, одамларимиз бошқача, деймиз, худди ўзбек халқи ақлсиздек. Бу бўлмаган гап, қуруқ хаёлпарастлик. Ўзбек ҳам бошқалар каби инсон, Одам авлодидан, бўлганда ҳам, мақтанаётганидек, буюк аждодлар сулоласи. Бизнинг халқимиздек ройиш, андишали халқ аслида ҳеч қаерда йўқ. Фақат биз буни қадрлашимиз керак, унинг соддалигини суистемол қилмаслигимиз керак, унга тўғри йўлни кўрсатишимиз керак.
Етар бир ярим асрлик хўрлик!
Аксар аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларни қўйинг, Европада ҳам, Америкада ҳам, Россияда ҳам масжидларда болалар таълим олмоқда. Улар масжидда ётволиб, мактабни ташлаб кетаётгани йўқ, иккаласини ҳам бирга олиб кетмоқда. Бу уларда оддий ҳол, ақалли инсоний ҳуқуқ сифатида қабул қилинган. Ислом оламидаги масжидлар фаолиятинику айтмаса ҳам бўлади. Нима, бирор жой портлаб кетяптими? Ё ҳамма жойда уруш бўляптими? Нега диний эркинлик бор ўнлаб тинч мамлакатларни кўрмай, битта уруш бўлиб турган жойни олабўжи этиб мисол қилараверамиз? Ахир у ердаги урушнинг асл илдлизи бошқа‑ку! Буни бугун оддий аравакаш ҳам билса керак? Очиғини айтганда, ўша урушга аслида айнан инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, диний тазйиқларнинг ҳаддан ошгани сабаб бўлган! Афғонистондаги урушнинг эса динга ҳеч қандай алоқаси йўқ, буни ёш бола ҳам билади. Нега уни бизга мисол қилишади, ҳеч тушунмайман.
Яна бир ҳақли савол туғилади: миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган биринчи ва иккинчи жаҳон урушларини ким келтириб чиқарган? Масжидга чиққан болаларми? Яқиндагина бўлган Украинадаги урушларчи, уларда кимлар қатнашди? Масжид болаларими? Масжиднинг урушга нима алоқаси бор?
Инсоф билан айтайлик, қайси соҳада бўлмасин, бугун биз фахр билан тилга оладиган алломаларнинг барчаси масжид‑мадраса толиблари эмасми?
Масжид‑мадраса кўрмаган аждодларимиз ичида бизни дунёга тинитган, биз фахрланадиган бирорта бобомиз борми?
Қани, бир ўйлаб кўрайлик. На Ислом келишидан олдинги даврда, на уни биздан нари қилган динсизлик тузуми пайтида заминимиздан олдингидек қомусий етук алломалар чиқдими? Йўқ! Чиқмади ва бу аҳволда чиқмайди ҳам!
Ҳадеб ваҳима қилиб, васвасага тушавермай, ақлни ишлатиш керак. Қачонгача биз пропогандаларга берилиб сафсата сотиб юрамиз? Қачонгача кимларнингдир ўзлари ҳам ичмай қўйган ювиндисини ётволиб сипқорамиз?
Қачонгача биз масжид билан мадраса орасига нифоқ соламиз? Қачонгача биз иймон билан илм ўртасига раҳна соламиз? Қачонгача биз ақл билан виждон ўртасига тўсиқ қўямиз? Қачонгача руҳ билан жисмни уриштирамиз? Қачонгача тарих билан бугун ўртасига жар қазиймиз? Қачонгача аждодлар билан авлодлар ўртасини бузамиз? Қачонгача йигитларимизни боболарига, қизларимизни момоларига қарши қайраймиз? Қачон ўзимизга келамиз? Қачон ўзлигимизни таниймиз? Қачон чин мусулмон бўламиз? Қачон одам бўламиз? Қачон халқ бўламиз? Қачон?! Қачон?!
Юз йил биз масжид билан мадрасани бир‑бирига душман қўйиб келдик. Улар «дўст» бўлган замонларда заминимизда илмнинг турли соҳаларида юзлаб, минглаб алломалар етишиб чиққан эди. Тан олайлик, масжид‑мадрасалар бир‑биридан айрилган давр ичида юртимизни дунёга танитадиган, жаҳон тан оладиган, халқимиз дунёга фахр ила номини тилга оладиган олим ҳеч бир соҳада чиққани йўқ. Келинг, энди юз йил уларни яна «яраштириб» кўрайлик, нима бўлар экан. Майли, жуда юз йил эмас, ҳеч йўқ 25 йил шундай қилайлик, кейин хулоса чиқарамиз. Ҳар қалай тарихдан сабоқ олиш маъносида, тажрибадан ўтган усул сифатида бўлса ҳам шундай қилсак, ёмон бўлмаса керак? Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?
Ҳасанхон ЯҲЁ АБДУЛМАЖИД
Manba: azon.uz