Бугун, 15-август куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Элит Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичи учун қуръа ташланди. Қаршининг “Насаф” клуби Саудия Арабистонининг юлдузли “Ал Ҳилол” жамоаси билан бир гуруҳга тушди ва ушбу рақиб билан ўз уйида куч синашади.
“Насаф”нинг гуруҳдаги рақиблари орасида Эроннинг “Трактор”, Ироқнинг “Аш-Шорта” ва БААнинг “Ал-Ваҳда” клублари ҳам бор. Сафарда эса ўзбекистонлик футболчилар “Шабаб ал-Аҳли”, “Шаржа” (иккаласи ҳам БАА), шунингдек, Саудия грандлари — “Ал-Иттиҳод” ва “Ал-Аҳли”га қарши ўйнайди.
Элит ОЧЛ учрашувлари 15-сентябрда старт олади ва 2026-йил майига қадар давом этади. Гуруҳ босқичи сентябрь–февраль ойларида ўтказилиб, якуний босқич — чорак финалдан финалгача бўлган ўйинлар — 2026-йил апрель ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Шунингдек, ОЧЛ 2 турнирида қатнашадиган Андижоннинг “Бургутлар” жамоаси ҳам ўз рақибларини билиб олди. Улар Қатарнинг “Ал Ахли”, Туркманистоннинг “Арқадағ” ва Баҳрайннинг “Ал Холдия” клубларига қарши майдонга тушади. Шу тариқа, янги мавсумда ўзбек клубларини Осиё миқёсида жуда қизиқарли ва кучли рақобат кутмоқда.