Марказий банк бошқаруви 12 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бир оз пасайиб, ноябрь ойи якунида 10 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келди. Иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.
Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совиши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашди.
Сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7,0 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бермоқда. Иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Аҳоли реал даромадларининг ошиши шароитида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни самарали жиловлаш ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлашни, бу эса ўз навбатида, пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларини етарлича қатъий даражада шаклланиши таъминлаб борилади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратилади.
Иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин.