Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова таъкидлашича, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўпол муомала ҳақида Ўзбекистон элчихонаси томонидан йўлланган нота Россия томонидан диққат билан кўриб чиқилмоқда. У шунингдек, барча масалаларга иттифоқчилик муносабатлари нуқтаи назаридан ёндашилишини алоҳида қайд этди.
Захарова РБК нашрига берган баёнотида шундай деди:
«Бизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа идоралар орқали тўғридан-тўғри алоқа каналлари мавжуд. Иттифоқчилар ўртасида одатга кўра, мулоқот очиқ ва ҳар қандай сигнал синчковлик билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг мурожаати тегишли инстанцияларга етказилади. Олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда ҳамкорларга тақдим этилади».
У шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасида «мустаҳкам иттифоқчилик муносабатлари ва ҳар томонлама стратегик шериклик» мавжудлигини, шу боис барча икки томонлама масалаларга айнан шу нуқтаи назардан ёндашилишини таъкидлади.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги икки давлат дипломатлари учрашувида Тошкентда Россияда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан «рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар» ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан хавотир билдирилганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши таъминланишини сўраб, Россия Федерациясининг тегишли органларига мурожаат қилиб, «Ўзбекистон фуқароларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик»ни талаб қилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон элчихонаси Россия ТИВга вазият юзасидан изоҳ беришни сўраб нота йўллаган.