Бугун 26 май, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Маъмурий судлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилади

A A A
Маъмурий судлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилади

Суд – жамият ҳаётида қонун устуворлиги, адолат барқарорлигини таъминлайдиган мустақил ҳокимият тармоғидир.

Ш.Мирзиёев

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида тараққий этган давлатларнинг илғор тажрибалари ва ўзбек давлатчилигининг кўп асрлик тарихга эга бўлган анъаналарига асосан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Биз яшаб турган жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият саналанади. Айнан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофаза қилиниши ҳамда бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан, шунингдек, ушбу ҳокимиятнинг адолатли ва холис қарор қабул қилиши билан баҳоланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармонида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ушбу Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди.

Кейинги қадамлардан яна бири бу, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони ва унда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш, шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш белгиланган. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Зеро, маъмурий судларнинг асосий вазифаси оддий фуқароларни давлат органлари мансабдор шахслари томонидан чиқарилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зид бўлган ҳужжатлари ва ҳаракатларидан ҳимоя қилишдир. Ушбу Фармонда назарда тутилган ислоҳотлар босқичма босқич ҳаётга татбиқ этила бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси мазкур соҳани тартибга солишда муҳим ўрин тутади.

Таъкидлаш лозимки, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги маъмурий суд тизимининг шакллантирилиши инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ҳиссини янада ортирди. Маъмурий судларнинг ташкил этилиши маъмурий низоларни кўриб чиқишда ҳуқуқий нормаларни бир хилда қўлланилиши ва татбиқ этилиши, ишларнинг ўз вақтида ва сифатли кўрилишини таъминлашга имконият яратди.

Бугунги кунда ҳам ислоҳотлар тўлқини тўхтагани йўқ, балки маъмурий судларни янада такомиллаштиришга, унинг вазифаларини, келиб тушаётган ишларни кўриш доираси ва уни қонуний ҳал этиш тизимини жаҳон талабларига жавоб беришини таъминлаш устида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 29 январда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори ислоҳотларнинг кейинги тўлқинига асос бўлди.

Ушбу қарорда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, шунингдек, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш кабилар белгиланган.

Булар замирида фуқароларга янада қулайлик яратиш уларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш ётади. Маъмурий низо замирида келиб чиқадиган зарар масалаларининг ҳам айнан маъмурий судларга юклатилиши ортиқча оворагарчилик ва беҳуда вақт сарфланмаслигига сабаб бўлади.

Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш каби ислоҳотларнинг суд тизимига татбиқ этилиши улар чиқарган ҳал қилув қарорларининг ижроси тез ва самарали таъминланишига, шунингдек, ярашув механизмининг ҳам такомиллашувига сабаб бўлади.

Жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида тарафларга, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш кабилар белгиланган.

Шунингдек, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланган бўлиб, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш амалда татбиқ этилади.

Маъмурий судлар бутун дунёда давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг энг демократик механизми ҳисобланади. Ҳозирги кунда ташкил этилган маъмурий судларнинг фаолият юритиши жаҳон амалиётига тўлиқ мос келади. Айнан маъмурий судлар ривожланган мамлакатлар ҳисобланган Италия, Франция, Германия давлатларида ҳам маъмурий судлар фаолияти шу аснода ташкил этилган ва самарали фаолият юритмоқда.

Хулоса ўрнида шу таъкидлаш лозимки, маъмурий судларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимояланишига мустаҳкам конституциявий механизм ҳисобланади.

Олий суд судьяси, И.Алимов

Олий суд катта консультанти, А.Омонов

Киритилди: 17:15 10.03.2022. Ўқилди: 5004 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!