Бугун 26 май, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Россия БМТ судига мурожаат қилмоқчи, сабаби...

Россия БМТ судига мурожаат қилмоқчи, сабаби...

Россия Болтиқбўйи мамлакатларида рус тилида сўзлашувчилар ҳуқуқлари камситилаётгани сабабли БМТ судига мурожаат қилади, деб хабар бермоқда DW.

Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари "Известия" газетасига маълум қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, Украинадаги уруш бошланганидан бери учта мамлакат ҳукумати, айниқса Латвия, у ерда яшовчи россияликларга нисбатан "босимни кескин кучайтирган".

"Давлат даражасида кучайтирилган русофобиянинг кескин авж олиши кузатилди. Хусусан, таълим тизимида рус тили тақиқланди, ёдгорликлар вайрон қилинмоқда, кўчалар ва тарихий туманларнинг номлари ўзгартирилмоқда. Яшаш учун рухсатномани тасдиқлаш учун энди латиш тилини билиш бўйича имтиҳон топшириш талаб этилади", — дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Вазирлик вакилларининг сўзларига кўра, Москва Болтиқбўйи мамлакатларини "ушбу давом этаётган қоидабузарликлар муносабати билан халқаро жавобгарликка тортишга бир неча бор чақирган". Бундан ташқари, ТИВ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссарига мурожаатлар юборган, бироқ таъкидланишича, улардан мазмунли жавоб олишнинг иложи бўлмаган.

Россия ТИВ Болтиқбўйида россияликларнинг таъқиб қилинишига мисол сифатида "Фуқаролиги бўлмаганлар конгресси" ҳаракати етакчиси, 72 ёшли Александр Гапоненконинг ишини келтирган. У "Латвияга қарши қаратилган фаолиятда чет давлатга ёрдам бергани", шунингдек, миллий низо ва адоват қўзғатгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноий ишга Москвадаги "МДҲ давлатлари институти" томонидан 2025 йил феврал ойида ташкил этилган "Болтиқбўйи мамлакатларидаги россиялик ватандошларнинг этноциди" мавзусидаги баҳс-мунозарада Гапоненконинг қилган чиқиши сабаб бўлган. Ўшанда, LSM телерадиокомпаниясининг хабар беришича, у россияликларнинг таъқиб қилинишини тўхтатишнинг йўлларидан бири сифатида Россиянинг Болтиқбўйи мамлакатларига бостириб киришини тилга олганди, дейилади хабарда.

Киритилди: Бугун 15:41. Ўқилди: 528 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!