Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

“Малика” бозоридаги йигитлар қайси жамиятнинг маҳсули?

“Малика” бозоридаги йигитлар қайси жамиятнинг маҳсули?

Тошкентнинг “Малика” номи билан машҳур бўлган савдо марказига бориб, у ерда янги бир жамият вакиллари шаклланганига гувоҳ бўлдим...

Тошкентда ўзбек, рус ва хорижий тиллардан ташқари яна бир махсус тилда сўзлашадиган ватандошларимиз борлигини биласизми? Уларнинг тил луғатида қисман ўзбек, қисман рус тилига ўхшаш сўзлар ва яна Қуръон калималари билан биргаликда ёзишга уят бўлган сўзлар талайгина.

Уларнинг кўриниши ҳам сиз ва биздан фарқ қилмайди, қисқаси оддий хомо сапиенс. Кўча тилида уларни “дух”и баланд йигитлар, дейишади. Кийинишлари энг сўнгги русумда. Аксарият қисми қуюқ соқол қўйган. Юришлари саҳнага чиқаётган реппер юлдузларни эслатади. Оғзидан боди кириб, шоди чиқадику-я, аммо орада “алҳамдулиллаҳ”, деб қўйишни ҳам унутмайди.

Бу фанга номаълум бўлган маданият вакилларини асосан Тошкентда, “Малика” номи билан танилган савдо марказида учратасиз. Агар телефон сотиш ниятида борган бўлсангиз, улар сизни ўлжага ёпирилган ўлаксахўрлардек ўраб олишади. Уларга хос бўлган тилда гаплаша олмасангиз ўлжа бўлишингиз аниқ. Агар вилоятдан Тошкентга энди келган бирор бир юртдош бу бозорга юмуш билан тушса, аҳволини тасаввур қилаяпман... 

Атрофдаги дўконларда ҳам ана шу номаълум “маданият” вакиллари талайгина. Биргина ишлаб чиқарувчига тегишли техникани бу савдо марказидаги дўконларда турли нархларда учратасиз. Кимдир инсоф билан нарх қўйса, кимдир ўша нархдан ўн баробар қимматроққа пуллайди. Чунки, унда ўша техникани Хитой эмас, Олмонияда ишлаб чиқарилганига ва бозор бўйича бундай маҳсулот фақат ўзида эканлигига ишонтира олиш қобилияти аниқроғи, “дух”и бор. Уларнинг, қуюқ соқоли ва ҳар гапига “Аллоҳ”ни аралаштиришини эшитиб, омадим чопиб инсофли дўкончига учрадим, деб суюниб кетасизу аммо адашганингизни англаб етасиз. Сизни боплаб чув туширишгани эса сиз учун келажакда катта “сабоқ“ бўлади.

Бу билан бутун бошли “Малика” бозорини фирибгарлар уясига қиёсламоқчи эмасмиз. Бироқ, ўша фанга номаълум “маданият” эгаларини кўпроқ шу бозорда учратишингиз аниқ. Ташқаридан соқолли йигитларни диндорга қиёслайсиз-у, ҳар икки гапининг бирида хунук сўкинишларини эшитиб уялгандан ерга кирай дейсиз. Техника нархларини ер билан осмонча фарқ қилиб, ўйнашини кўриб у ердаги савдони ҳалоллигига ҳам шубҳа қиласиз.

Гап соқолда, динда, бозорда ёки “дух”да эмасдир. Ҳамма гап шундай бир ноанъанавий “маданият”ни шакллантирган таълим тизими, оилавий муҳит ва ўзимизда эмасмикан? Уларда на дин ва на дунёвий илмдан асар борлигига ишониш қийин. Яна шунга ишончимиз комилки улар ойдан тушмаган, ердан чиқмаган. Улар ҳам ўзимиз қатори маҳалламизда, атрофимизда вояга етган. Яна ҳам аниқроғи, жамиятимиз маҳсули.

А.СОДИҚ

P/S: Эслатма, муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.

Киритилди: 13:16 24.01.2020. Ўқилди: 6864 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!