Мамлакат расмийлари ўтган ҳафтада "Ал-Қоида"га алоқадор жангарилар ва айирмачи туарег исёнчилари томонидан мамлакат бўйлаб армия базаларига уюштирилган ҳужумларда иштирок этганликда гумон қилинаётган аскарлар устидан тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда суд идораси вакили маълум қилди.
Бамако ҳарбий трибунали прокурорининг жума куни кечқурун давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган баёнотига кўра, гумонланувчи шериклар рўйхатига уч нафар амалдаги ҳарбий хизматчи, бир нафар истеъфодаги ҳарбий ва мамлакатнинг асосий ҳарбий базаси — пойтахт Бамакодан 15 км узоқликдаги Кати шаҳри яқинидаги жангларда ҳалок бўлган бир собиқ аскар киритилган.
"Дастлабки ҳибсга олишлар муваффақиятли амалга оширилди ва ҳозирги вақтда қолган барча жиноятчилар, иштирокчилар ва шерикларни қидириш ишлари фаол давом эттирилмоқда", — дейилади баёнотда. Бироқ, қанча гумонланувчи аниқлангани ва айнан кимлар ҳибсга олинганига аниқлик киритилмаган.