Илмий кузатиш ва тадқиқотлар инсон ўз умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда фаол қабул қилишини, боланинг онги, асосан, 5 - 7 ёшда шаклланишини кўрсатган. Бу эса жамиятга кириб келаётган шахснинг маънавий-руҳий олами, дунёқараши, билиму салоҳияти унинг мактаб ёшигача бўлган йилларда олган таълим-тарбиясига узвий боғлиқлигидан далолат беради.
Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бола камолотининг илк куртаклари нафақат оилада, балки мактабгача таълим ташкилотларида намоён бўлади. Ушбу ташкилотларда таълим-тарбиявий ишлар сифати ҳамда самарадорлиги, уларда яратилган замонавий имконият ва соғлом муҳит мурғак фарзандларимиз тақдирида ғоят муҳим ўрин эгаллайди.
Мактабгача таълим ташкилотининг давлат ўқув дастури Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишига қўйиладиган Давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда мактабгача таълим ташкилотининг мақсад ва вазифалари, ўқув-тарбиявий фаолиятининг асосий ғоялари ифодаланган, шунингдек, болани таълимнинг кейинги босқичига ўтишидаги асосий компетенциялари белгиланган. Худди шу мақсадларни самарали амалга ошириш йўлида вазирлик ўз ташаббуси билан мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича механизмларни жорий этди.
2021 йилда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан педагоглар учун болалар давоматини қайд этиш дафтари, «Иш дафтари», шунингдек, болажонлар учун ўзбек эртаклари ва шеърлари тўпламлари ҳам нашр эттирилди.
Хусусан, нашр этилаётган методик адабиётлар ва қўлланмалар сони қуйидагича:
- Педагоглар учун болалар давоматини қайд этиш дафтари (табель, фильтр патронаж) – 48 811 та;
- Педагоглар учун “Иш дафтари” комплект 5 китобдан иборат – 6149 та;
- Панорамали эртаклар (комплект 6 китобдан иборат) – 6 149 та;
- Педагогик қўлланма ва дидактик материаллар – 25 000 та (рус ва ўзбек тилларда);
- Мусиқа педагоглар учун қўлланма – 6149 та.
Ушбу даврда вазирлик томонидан 3 дона ўзбек халқ эртакларидан иборат тўплам ҳам 20 000 нусхада чоп этилиб, болажонларга етказилган.
Хусусан, кичик гуруҳ болалари учун таълимий, рангли-безакли бадиий “Қизил гул” китоби босмадан чиққан. “Оқ гул” китоби эса ўрта гуруҳ болалари учун мўлжалланган бўлиб, таълимий, рангли-безакли бадиий асарлар тўплами ҳисобланади. Шунингдек, ҳозирда “Сариқ гул” китобини катта гуруҳ болалари севиб мутолаа қилишмоқда. Мактабга тайёрлов гуруҳи болалари “Мовий гул” китобидан фойдаланишмоқда. Натижада болаларда китобга бўлган қизиқиш ортиб, келгусидан китобхонлик даражаси ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Мактабгача таълим ташкилотларини юқори сифатли ўқув дидактик материаллари билан таъминланиш даражасига ҳам эътибор қаратсак:
- “Луллия айланалари” дидактик тўплами - 10 000 та;
- 3-7 ёшли болалар учун диққатни жамлаш ва мантиқий фикрлар учун ривожланиш соати - 20 000 та;
- 40 та тўпламдан иборат бўлган Элементар математик тасаввурларини ва билимларини ривожлантириш бўйича дидактик ўйинлар ва масалалар тўплами – 20 000 та (рус ва ўзбек тилларда);
- Кўргазмали дидактик плакатлар тўплами;
- 45 та плакатдан иборат тўплам - 10 000 та (рус ва ўзбек тилларда);
- Марказларда фаолиятни ташкил этиш учун дидактик карточкалар тўплами. Тўплам 376 та карточкадан иборат - 10 000 та (рус ва ўзбек тилларда);
- Нутқни ривожлантириш учун мўлжалланган фигуралар ва маскалар тўплами;
- Стол театри - 6 149 та;
- “Кўнгилочар” Геометрик тушунчаларни ҳосил қилиш ва логикани ривожлантиришга қаратилган графоматорика бўйича дидактик тўплам 3-7 ёшли болалар учун – 6 149 та;
- Тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчиларининг иш дафтарлари - 466032 та;
- Тарбияланувчилар учун математика дафтари – 466032 та;
- 6-7 ёшли болалар учун инглиз тили дафтари – 466032 та нусхада нашр эттирилмоқда.
Энг қувонарлиси юқорида номлари келтирилган дидактик материалларнинг барчаси давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун мутлақо бепул тарқатилмоқда. Албатта ушбу дидактик материаллар келажак авлоднинг мустаҳкам билим эгаси бўлиб камол топиши йўлида олиб борилаётганлиги эзгу мақсад бўлиб ўз самарасини бериши шубҳасиздир.
Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати