Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Макрон: "Украинага ёрдам бериш — Франция ва бутун Европани ҳимоя қилиш демакдир"

Макрон: "Украинага ёрдам бериш — Франция ва бутун Европани ҳимоя қилиш демакдир"

Украинани қўллаб-қувватлаш Франция ва Европанинг хавфсизлиги учун бевосита аҳамиятга эга.

Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоғида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, Париж Киевга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш, шунингдек, Украина учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ниятида.

«Украинанинг ўзини ҳимоя қилишига ёрдам бериш — Франция ва французларни ҳимоя қилиш демакдир. Агар Россия Европа давлатларидан бирининг иродасини куч билан бўйсундирса, бутун Европа заифлашади», — деб таъкидлаган у.

Франция раҳбарининг фикрича, Москва музокаралардан манфаатдор эканини кўрсатаётгани йўқ. У Россиянинг Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига берган зарбалари қиш мавсумида мамлакатни электр энергиясисиз қолдириш ва шу орқали Киевни Россия шартларини қабул қилишга мажбурлашга қаратилганини айтган.

Шу муносабат билан Макрон Киевга ҳарбий ва энергетика соҳасидаги ёрдамни давом эттириш зарурлигини билдирган.

«Украинанинг ресурсларини чеклашни истаганлар, аслида, уни адолатсиз тинчликни қабул қилишга мажбурлаш, узоқ муддатга заифлаштириш ва шу билан бирга бутун Европани кучсизлантиришга интилмоқда. Бу мағлубият руҳиятидир. Бу кейинги уруш учун замин яратади. Франция бундай позицияни қўллаб-қувватлай олмайди», — деб ёзган у.

Франция президенти иккинчи устувор вазифа сифатида адолатли ва барқарор тинчликка эришишни қайд этган. Унинг таъкидлашича, ушбу жараёнда Европа тўлақонли роль ўйнаши керак, чунки унинг натижалари бутун қитъа хавфсизлигига таъсир кўрсатади.

Макрон, шунингдек, Франция ташаббуси билан Дублинда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида 42 та давлат Европа хавфсизлиги тамойиллари тўғрисидаги декларацияни маъқуллаганини маълум қилган.

Бундан ташқари, у Украина учун хавфсизлик кафолатларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган «Истак билдирганлар коалицияси» фаолиятини ҳам эслатган.

Унинг сўзларига кўра, тегишли режа Украина армиясини қўллаб-қувватлаш ва ўт очиш тўхтатилганидан кейин мамлакат ҳудудига жойлаштирилиши мумкин бўлган кўп миллатли кучларни тайёрлашни назарда тутади. Ҳозирда Польшада ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда, коалиция иштирокчиларининг навбатдаги учрашуви эса Берлинда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

«Европадаги энг йирик амалдаги армияга эга Украина НАТО билан бир қаторда муҳим роль ўйнаши керак. Унинг ўрни айнан НАТО сафидадир», — деган Макрон.

Унинг таъкидлашича, Парижнинг асосий мақсади Украина учун барқарор тинчликни таъминлаш ва Европанинг умумий хавфсизлик тизимини мустаҳкамлашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Макроннинг мазкур баёноти Францияда оммавий норозилик намойишлари ўтказилаётган бир пайтда янгради. Намойишчиларнинг бир қисми ҳукуматдан Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва ушбу маблағларни мамлакатнинг ички муаммоларини ҳал этишга йўналтиришни талаб қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, шанба куни бўлиб ўтган ва 106 минг киши иштирок этган намойишларда 121 нафар шахс қўлга олинган.

Киритилди: 11:10 15.11.2026. Ўқилди: 464 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар