Франция президенти Эммануэль Макрон Лондоннинг «Арсенал» клуби собиқ бош мураббийи Арсен Венгернинг FIFA президенти лавозими учун бўлажак сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. The Telegraph нашри маълумотларига кўра, Макрон нафақат Венгер номзодини очиқ қўллаб-қувватлашга, балки бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарларидан ҳам француз мутахассисини қўллаб-қувватлашни сўрашга тайёр.
Маълум қилинишича, Макрон амалдаги FIFA президенти Жанни Инфантино билан рақобатлашишга кўндириш мақсадида Венгер билан боғланган. Бироқ 77 ёшли мутахассис ушбу таклифни қабул қилгани ва сайловда иштирок этишга қарор қилгани ҳозирча маълум эмас. Номзодларни рўйхатдан ўтказиш муддати 18 ноябрь куни якунланади.
Венгер Европа томонидан илгари сурилиши мумкин бўлган номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда. У «Арсенал» клубини 20 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган ва жамоа билан уч марта Англия чемпионлигини қўлга киритган.
Француз мутахассиси 2019 йилдан буён FIFA нинг футболни глобал ривожлантириш бўйича директори лавозимида ишлаб келмоқда. Аввалроқ у Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионатининг тижорат ҳуқуқларини бошқаришга хусусий инвесторларни жалб қилиш режасини очиқ танқид қилган эди.
Бироқ Макроннинг эҳтимолий қўллаб-қувватлови футбол ҳамжамиятининг айрим вакилларида хавотир уйғотмоқда. The Telegraph нашрига музокаралардан хабардор манбанинг айтишича, Франция президентининг Ғарбий Африкада Венгерни фаол тарғиб қилиши унинг номзодига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бунга минтақада Франциянинг собиқ мустамлакачи давлат сифатидаги фаолиятига нисбатан салбий муносабат сабаб бўлиши мумкин.